Ўрмонга ташланган икки ёшли бола мўъжиза билан тирик қолди

Фото: Yandex
Ҳиндистоннинг Мадҳья-Прадеш штатида юракни ларзага солган воқеа содир бўлди. Отаси томонидан ўрмонга ташлаб кетилган 2 ёшли бола барча хавф-хатарларга қарамай тирик қолди. Бу ҳақда The Times of India хабар берди.
Маълумотларга кўра, бола ёввойи ҳайвонлар яшайдиган ҳудудда қарийб 20 соат давомида ёлғиз қолган. У оёқяланг ҳолда, оч ва чанқоқ бўлишига қарамай, инстинктив тарзда ҳаракатланиб, ҳаёт учун курашган.
Ҳодиса боланинг онаси ўлдирилганидан кейин юз берган. Шундан сўнг, эркак фарзандини мотоциклда аҳоли яшамайдиган ўрмон ҳудудига олиб бориб, у ерда ташлаб кетгани айтилмоқда.
Дастлаб, ота ҳуқуқ-тартибот идораларини чалғитиб, боланинг қаерда эканини яширишга уринган. Шу сабабли қидирув ишлари кеч бошланган. Кейинчалик полиция, қутқарувчилар ва маҳаллий аҳоли жалб этилган ҳолда кенг кўламли қидирув амалиёти ўтказилди. Ўрмон, дала ва сув манбалари босқичма-босқич текшириб чиқилган.

Фото: Видеодан кадр
Қарийб бир сутка ўтгач, қутқарувчилар ўрмон ичида жуда суст овозни эшитиб қолишган. Шу орқали бола топилган. У қаттиқ ҳолдан тойган бўлса-да, тирик экани барчани ҳайратга солган.
Мутахассислар бу ҳолатни ҳақиқий мўъжиза деб баҳоламоқда. Чунки бу ёшдаги боланинг бундай оғир шароитда узоқ вақт омон қолиши жуда кам учрайдиган ҳолат ҳисобланади.
Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Боланинг отасига нисбатан оғир жиноят бўйича айблов қўйилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!