Қирғизистонда дунёдаги энг узун 732 метрлик шиша кўприк қурилади

Қирғизистонда сайёҳларни ҳайратга солиши кутилаётган йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Мамлакатдаги «Ала-Арча» миллий боғида узунлиги 732 метр бўлган осма шиша кўприк барпо этиш режалаштирилган. Ушбу иншоот дунёдаги энг узун шиша кўприк сифатида Гиннесс рекордлар китобига киритилиши мумкин.
Миллий боғ маъмурияти маълумотига кўра, Қирғизистон Президенти Иш бошқармаси томонидан лойиҳанинг дастлабки эскизлари тақдим этилган. Шунингдек, қурилиш ишларини амалга оширишга масъул Европа компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилган.
Режага мувофиқ, қурилиш ишлари жорий йил ноябрь ойида бошланади. Лойиҳани тўлиқ якунлаш ва кўприкни сайёҳлар учун очиш 2027 йилнинг охирига мўлжалланган.
Янги иншоот йирик сайёҳлик мажмуасининг муҳим қисмига айланиши кутилмоқда. Кўприк яқинида Тепши платосидан Теке-Тоо тоғи ва маҳаллий шаршарагача олиб борувчи экологик сайёҳлик йўлаги ҳам ташкил этилади.
Қайд этиш жоизки, «Ала-Арча» миллий боғида сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш ишлари ҳам давом этмоқда. Бу ерда осма дор йўли ишга туширилган, дам олиш масканлари қурилган. Шунингдек, беш юлдузли меҳмонхона барпо этиш ишлари якунланиш арафасида.
Маълумот учун, «Ала-Арча» давлат табиат боғи Бишкек шаҳридан 30–40 километр жанубда, Қирғизистон тизмасининг шимолий ёнбағрида жойлашган. 1976 йилда ташкил этилган мазкур маскан баланд тоғлари, бетакрор манзаралари ва табиий гўзаллиги билан сайёҳлар ҳамда альпинистларни ўзига жалб қилиб келади.
732 метрлик шиша кўприк қуриб битказилса, Қирғизистоннинг энг диққатга сазовор туристик объектларидан бирига айланиши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…