78 ёшли эркак Нью-Йорк марафонида 43-марта маррага етиб, барчани ҳайратда қолдирди

АҚШда ўтказилган Нью-Йорк марафонида 78 ёшли Жеймс Томаснинг иштироки кўпчиликнинг эътиборини тортди. У 42,2 километрлик масофани қарийб 14 соатда босиб ўтиб, мусобақа тарихидаги 43-марафонини муваффақиятли якунлади.
Қизиғи, Томас бу йилги мусобақада маррага етиб келган энг охирги иштирокчи бўлди. У 1 ноябрь куни эрталаб йўлга чиққан ва кечки соат 23:20 атрофида Нью-Йоркнинг Марказий боғидаги марра чизиғини кесиб ўтган.
Уни кутиб турган мухлислар ва ташкилотчилар қарияни қарсаклар билан кутиб олишди. Қарийб 14 соат давом этган югуришдан кейин унга ҳам бошқа иштирокчилар қаторида фахрий медаль топширилди.
Маълум бўлишича, Жеймс Томас биринчи марта 1980 йилда Нью-Йорк марафонида қатнашган. Шундан буён у ушбу мусобақада 43 марта маррага етишга муваффақ бўлган. 2026 йилги марафон эса унинг сўнгги иштироки бўлиши кутилмоқда.
Томаснинг айтишича, инсоннинг хоҳиши ва жисмоний имкониятлари бир-бирига мос келиши муҳим. Унинг фикрича, ақл давом этишни исташи мумкин, аммо бунинг учун тана ҳам куч топиши керак.
78 ёшли эркакнинг қарийб ярим аср давомида марафонга бўлган қизиқишини сақлаб қолгани ва навбатдаги мусобақани ҳам охиригача якунлагани кўпчилик учун ўрнак бўлди.






























Изоҳлар 0
…