БМТ огоҳлантирди: Марказий Осиёда кучли ёмғирлар кутилмоқда

БМТнинг метеорология бўйича агентлиги яқин ойларда дунё миқёсида об-ҳаво кескин ўзгариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Мутахассислар фикрича, кучайиб бораётган Эль-Ниньо ҳодисаси бир қатор минтақаларда ҳароратнинг ошиши, кучли ёғингарчиликлар ва қурғоқчиликларни келтириб чиқариши мумкин. Марказий Осиё ҳам ушбу жараёнлар таъсиридан четда қолмайди.
Маълум қилинишича, Эль-Ниньо Тинч океанидаги доимий шамоллар кучсизланиши натижасида шаклланади. Бу эса океаннинг марказий ва шарқий қисмларида иссиқ сув қатламларининг тўпланишига олиб келади. Натижада атмосферада намлик ва ҳаво оқимлари ўзгариб, сайёранинг турли нуқталарида об-ҳаво мувозанати издан чиқади.
Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, океан сувларининг исиши аллақачон Эль-Ниньонинг фаоллашишига туртки бермоқда. Ташкилот прогнозларига қараганда, июнь-август ойларида кўплаб ҳудудларда ҳаво ҳарорати меъёрий кўрсаткичлардан юқори бўлади. Табиий ҳодиса йил охиригача сақланиб қолиши эҳтимол қилинмоқда.
ЖМТ бош котиби Селесте Саулонинг таъкидлашича, мамлакатлар эҳтимолий хавфларга олдиндан тайёргарлик кўриши лозим.
Унинг сўзларига кўра, Эль-Ниньо қурғоқчиликлар ва кучли ёғингарчиликларни янада кучайтириши, шунингдек, қуруқлик ва океанларда аномал иссиқлик тўлқинлари хавфини ошириши мумкин.
Мутахассислар Марказий Осиё, АҚШнинг жанубий ҳудудлари, Жанубий Американинг айрим қисмлари ҳамда Африка бурнида ёғингарчиликлар кўпайишини кутмоқда. Шу билан бирга, Австралия, Индонезия, Марказий Америка ва Жанубий Осиёнинг баъзи ҳудудларида қурғоқчилик хавфи кучайиши мумкин.
Қайд этилишича, 2024 йилда кузатилган Эль-Ниньо ер юзида рекорд даражадаги иссиқлик кузатилишига таъсир қилган асосий омиллардан бири бўлган. Айни пайтда Тинч океанининг экваториал қисмида сув ҳароратининг тез суръатларда ошиб бораётгани қайд этилмоқда. Баъзи ҳудудларда бу кўрсаткич меъёрдан 6 даражагача юқори экани айтилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!