Исроил маҳбуслар қочмаслиги учун қамоқхонани тимсоҳлар билан ўрамоқчи

Исроилда фаластинлик маҳбуслар сақланадиган янги қамоқхона атрофини Нил тимсоҳлари билан ўраш режаси катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Бунинг учун мамлакат ҳукумати мазкур ҳайвонларнинг ҳуқуқий мақомини ўзгартириб, улардан хавфсизлик мақсадларида фойдаланиш имконини берувчи қарор қабул қилди.
Маълум қилинишича, Атроф-муҳит вазири Идит Силман Нил тимсоҳларини ҳимоя қилинадиган турлар рўйхатидан чиқариш ҳақидаги фармонни имзолаган. Энди давлат ушбу судралиб юрувчиларни махсус муҳофаза тизимларида қўллаш ҳуқуқига эга бўлади.
Бу ташаббус Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир томонидан илгари сурилган ғоя асосида амалга оширилмоқда. У бир неча ой аввал фаластинлик маҳбуслар учун қуриладиган қамоқхона атрофида тимсоҳлар сақланадиган ҳимоя ҳудуди ташкил этишни таклиф қилган эди. Бен Гвир бу ғоя АҚШдаги “Аллигатор Алкатрас” номи билан танилган муҳожирлар марказидан илҳомланганини айтган.
Вазир ҳатто ижтимоий тармоқда сунъий интеллект ёрдамида яратилган, қўлида тимсоҳ етаклаб турган суратини эълон қилиб, қочишга уринганлар учун кескин огоҳлантирувчи изоҳ ҳам қолдирди.
Бироқ мазкур режа экологлар ва ҳуқуқшунослар томонидан қаттиқ танқид қилинмоқда. Мутахассислар тимсоҳлардан тирик қўриқчи сифатида фойдаланиш ҳам ҳайвонлар ҳуқуқига, ҳам хавфсизлик талабларига зид эканини таъкидламоқда.
Исроил Табиат ва боғлар бошқармаси Нил тимсоҳлари фақат илмий тадқиқот ва табиатни муҳофаза қилиш мақсадида сақланиши кераклигини билдирди. Экологик ташкилотлар эса қамоқхоналарда замонавий хавфсизлик технологияларидан фойдаланиш лозимлигини, ҳайвонларни эса бундай вазифага жалб этиш мумкин эмаслигини айтмоқда.
Мутахассислар яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратди. Уларга кўра, қиш фаслида тимсоҳларнинг фаоллиги кескин пасаяди, шу боис улар доимий қўриқчилик вазифасини бажара олмайди.
Айни пайтда ушбу режа Исроил жамоатчилиги ва халқаро ташкилотлар ўртасида қизғин баҳсларга сабаб бўлиб, уни амалга ошириш юзасидан муҳокамалар давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…