Собиқ вазир Қўчқоров АҚШда курьер бўлиб ишлаётгани очиқланди

Қирғизистоннинг Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш соҳаси бўйича собиқ вазири Улуғбек Қўчқоровнинг АҚШда курьерлик қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда кенг тарқалаётган видеода акс этган эркакни фойдаланувчилар ва пост муаллифи Қирғизистон Жогорку Кенешининг собиқ депутати Улуғбек Қўчқоров сифатида тилга олмоқда. Кадрларда унинг автомобиль багажига турли пакетларни жойлаштираётганини кўриш мумкин.
Пост муаллифларининг таъкидлашича, Қўчқоров ҳозирда АҚШда Amazon компаниясида курьер сифатида меҳнат қилмоқда.
Мазкур видео ижтимоий тармоқларда фаол муҳокамаларни келтириб чиқарди. Кўплаб фойдаланувчилар ҳар қандай ҳалол меҳнат қадрли ва ҳурматга муносиб эканини таъкидлаган. Айримлар эса унинг сиёсий фаолияти ва давлат бошқарувидаги фаолиятини эсга олган.
Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Улуғбек Қўчқоров “Ата-Журт” партияси вакили сифатида V чақириқ Жогорку Кенеш депутати бўлган. Шунингдек, у 2017 йилги президентлик сайловларида иштирок этган.
2018 йил октябрь ойида Қўчқоров Қирғизистон Меҳнат ва ижтимоий ривожланиш вазири лавозимига тайинланган. Кейинчалик, 2020 йилда у “Бирдамлик” партиясидан парламент сайловларида қатнашиш учун номзодини илгари сурган.
2020 йил кузида мамлакатда юз берган сиёсий воқеалардан кейин у вазирлик лавозимидан озод қилинган.
Айрим нашрлар келтирган маълумотларга кўра, Улуғбек Қўчқоров кейинги бир неча йилдан буён оиласи билан Чикаго шаҳрида яшаб келмоқда. Бироқ у ҳозирги меҳнат фаолияти юзасидан расмий изоҳ бермаган.





























Изоҳлар 0
…