Туркияда аёлини пичоқлаб ўлдирган ўзбекистонликка умрбод қамоқ жазоси сўралди

Туркияда Ўзбекистон фуқароси Нигина Сатторованинг кўча ўртасида ҳалок бўлиши билан боғлиқ жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланди. Прокуратура ушбу жиноятни содир этганликда айбланаётган унинг турмуш ўртоғи Умид Сатторовга нисбатан оғирлаштирилган умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллашни сўради. Бу ҳақда Туркиянинг маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.
Шу билан бирга, давлат айбловчиси қотилликни амалга оширган шахсга кўмаклашгани аниқланган иккинчи гумонланувчи — Ўринбой Ботирбековга нисбатан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини талаб қилган.
Маълум қилинишича, ўтган йилнинг 17 август куни Туркиянинг ўзбекистонликлар энг кўп яшайдиган мегаполиси — Истанбул шаҳрининг Умрания туманида 33 ёшли Нигина Сатторова турмуш ўртоғи Умид Сатторов томонидан бўғзига пичоқ урилган ҳолда ўлдирилган. Марҳума Самарқанд вилоятидан бўлиб, Истанбулда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келган. Тергов маълумотларига кўра, фожиа рашк сабаб келиб чиққан оилавий жанжал оқибатида содир бўлган.
Истанбул полицияси томонидан олиб борилган қидирув тадбирлари давомида гумондор 2025 йил 18 август куни, яъни воқеадан бир кун ўтгач, Умрания ҳудудида қўлга олинган. Шунингдек, жиноятчини яширишга ёрдам берганликда гумон қилинган, асли Жиззах вилоятидан бўлган Ўринбой Ботирбеков ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.
Суриштирув ишлари тўлиқ якунланганидан сўнг, 19 август куни гумонланувчиларга нисбатан суд қарори билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.





























Изоҳлар 0
…