Фарғонада Damas’да 28 нафар бола ташилаётгани барчани ҳайратга солди

Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида ҳаракатланаётган Дамас русумли автомашинада 28 нафар бола ноқонуний равишда ташилаётгани аниқланди. Турват маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ўтказилган текширув вақтида болаларнинг беш нафари машинанинг олд ўриндиғига жойлаштирилгани маълум бўлди. Мутахассислар йўл-транспорт ҳодисаси юз берган тақдирда бундай ҳолат болалар ҳаёти ва саломатлигига улкан хавф туғдиришини таъкидлади.
Фарғона вилоятида болаларни ташиш қоидаларининг қўпол равишда бузилгани билан боғлиқ яна бир ҳолат аниқланди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбири давомида Тошлоқ туманида тўхтатилган Damas автомобилида 28 нафар бола ноқонуний равишда ташилаётгани маълум бўлди.
Масъул идоралар маълум қилишича, мазкур ҳолат Тошлоқ туманининг Турват маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қайд этилган. Текширув жараёнида болаларнинг беш нафари автомобилнинг олд ўриндиғига жойлаштирилгани ҳам аниқланган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу каби ҳолатлар йўл-транспорт ҳодисаси юз берган тақдирда болалар ҳаёти ва саломатлиги учун жуда катта хавф туғдиради.
Қайд этилишича, ота-оналар ҳамда ҳайдовчиларга болаларни транспорт воситаларида ташиш қоидаларига қатъий амал қилиш юзасидан бир неча бор тушунтириш ишлари олиб борилган ва огоҳлантиришлар берилган. Шунга қарамасдан, бундай қоидабузарликлар айрим ҳудудларда ҳали ҳам тез-тез учраб турибди.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-8-моддаси асосида маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шунингдек, унинг ҳисобига 0,3 жарима балли ҳам ёзилди.






























Изоҳлар 0
…