Уруш тугайдими? АҚШ ва Эрон келишуви тафсилотлари маълум бўлди

Уруш тугайдими? АҚШ ва Эрон келишуви тафсилотлари маълум бўлди

АҚШ ва Эрон 19 июнь куни Женева шаҳрида ўзаро англашув меморандумини имзолаши мумкин. Al Arabiya English нашри ушбу ҳужжат лойиҳасининг нусхасини қўлга киритган.

14 банддан иборат бўлган ҳужжатда урушни тўлиқ тўхтатиш, икки томонлама муносабатларни тиклаш ва иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш назарда тутилган.

Лойиҳага кўра, АҚШ ва Эрон, шунингдек, уларнинг иттифоқчилари барча фронтларда, жумладан Ливанда ҳам ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш мажбуриятини олади. Томонлар бир-бирининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиб, ички ишларига аралашмасликка келишиб олади.

Ҳужжатда энг кўпи билан 60 кун ичида якуний келишувга эришиш режалаштирилган. АҚШ денгиз блокадасини бекор қилиши, ўз ҳарбий кучларини ҳудуддан олиб чиқиши ва денгиз қатновини тиклаши керак бўлади.

Эрон эса Форс кўрфази ва Уммон денгизи ўртасидаги савдо кемалари ҳаракатини қайта йўлга қўйиш, техник тўсиқларни бартараф этиш ва хавфсизлик чораларини кўриш мажбуриятини олади.

Ҳужжатда АҚШ ва минтақавий ҳамкорлар иштирокида Эрон иқтисодиётини тиклаш учун камида 300 миллиард долларлик дастур яратилиши ҳам назарда тутилган. Маблағлар энергетика, логистика, транспорт ва ишлаб чиқариш соҳаларига йўналтирилади.

Шунингдек, АҚШ Эронга қарши барча турдаги санкцияларни босқичма-босқич бекор қилиши, музлатилган активларни озод қилиши ҳамда нефть экспорти учун рухсатномалар тақдим этиши режалаштирилган.

Эрон эса ҳеч қачон ядро қуроли яратмаслигини яна бир бор тасдиқлаган. Ядровий дастур билан боғлиқ барча масалалар якуний келишув доирасида ҳал этилади.

Reuters маълумотларига кўра, аввал Теҳрон Вашингтондан 400 миллиард долларлик компенсация талаб қилган, аммо АҚШ бу таклифни рад этган. Шу боис 300 миллиард долларлик хусусий инвестиция фонди ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Якуний келишув эса БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мажбурий кучга эга резолюцияси орқали тасдиқланиши мумкин.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар