Италияда ҳашаматли виллаларда мутлақо бепул яшаш таклиф этилмоқда

Италияда ҳашаматли виллаларда мутлақо бепул яшаш таклиф этилмоқда

Италиянинг Тоскана вилоятидаги ям-яшил тепаликлар ва бетакрор манзаралар қўйнида ижара ҳақини тўламасдан яшашни орзу қилганлар учун қизиқарли имконият пайдо бўлди. Мамлакатда хоҳловчиларга ҳашаматли виллалар ҳамда тарихий ҳовлиларда мутлақо бепул яшаш имкони тақдим этилмоқда. Бироқ бунинг эвазига битта муҳим шарт бажарилиши лозим.

Гап кўплаб мамлакатларда аллақачон кенг тарқалган ҳоусе ситтинг (house sitting), яъни уйларга қараб туриш тизими ҳақида кетмоқда. Унинг қоидаси жуда содда: узоқ муддатга сафарга кетаётган уй эгалари ўз мулкларини ишончли инсонларга топширади. Эвазига эса бу одамлар ушбу уйларда ижара тўловисиз яшаш ҳуқуқига эга бўлади.

Одатда, ҳар бир уй эгаси билан шартлар алоҳида келишиб олинади. Кўп ҳолларда иштирокчилардан уйни озода сақлаш, боғни парвариш қилиш, ўсимликларни суғориш, уй ҳайвонларига қараш ҳамда кундалик рўзғор ишларини бажариш талаб қилинади.

Ушбу тизим тарафдорлари буни катта маблағ сарфламасдан Италиянинг энг гўзал ҳудудларидан бирида яшаш учун ноёб имконият деб баҳоламоқда. Шу билан бирга, бу усул сўнгги йилларда машҳур бўлиб бораётган арзон нархдаги эски уйларни сотиб олиш дастурларидан ҳам анча тежамкор ҳисобланади. Чунки бундай уйлар кейинчалик катта маблағ талаб қиладиган таъмирлаш ишларини талаб этади.

Бироқ мазкур ғоя ҳамманинг ҳам маъқулловига сазовор бўлмади. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўз муносабатларида боғларга қараш, ҳайвонларни парвариш қилиш ва уй ишларини бажариш амалда маошсиз тўлиқ иш кунига айланиб қолиши мумкинлигини таъкидлаб, эътироз билдиришмоқда.

Шунингдек, кўпчилик бундай имконият ҳар кимга ҳам тақдим этилмаслигини эслатиб ўтди. Изоҳларда таъкидланишича, якуний қарор барибир уй эгалари томонидан қабул қилинади. Улар ўз мулкларига ишониб топшириш мумкин бўлган номзодларни мустақил равишда танлайди.

Турли баҳс-мунозараларга қарамай, ҳоусе ситтинг тизими чет элда яшаб кўришни, янги муҳитни ҳис қилишни ва шу билан бирга турар жой учун маблағ сарфламасликни истаган саёҳатчилар орасида тобора оммалашиб бормоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар