Лукашенкога кунига 30 литр сут берадиган сигир совға қилинди

Беларусь президенти Александр Лукашенко Узда туманида жойлашган “БелИнтерГен-агро” корхонасига ташрифи чоғида ўзига хос совғага эга бўлди. Давлат раҳбарига Муся лақабли жерсей зотли сигир тақдим этилди. Бу ҳақда БЕЛТА агентлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, мазкур хўжалик наслли чорвачиликни ривожлантиришга ихтисослашган бўлиб, асосан голштин зотли қорамолларни етиштириш билан шуғулланади. Сўнгги йилларда эса корхонада юқори сифатли сути билан машҳур жерсей зотини кўпайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентга совға қилинган Муся айнан шу зотнинг вакили ҳисобланади. Жерсей сигирлари нисбатан ихчам тузилиши билан ажралиб туради. Шу билан бирга, уларнинг сутида ёғ ва оқсил миқдори юқори бўлиб, А2 оқсилининг кўплиги билан ҳам қадрланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу зот камроқ ем-хашак истеъмол қилса-да, юқори маҳсулдорликни намоён этади. Айрим ҳолатларда бир бош сигирнинг кунлик сут бериши 30 литргача етиши мумкин.
Қизиқарли жиҳати шундаки, корхонада жерсей зотини кўпайтириш ишлари ҳам Муся лақабли битта сигирдан бошланган. У 11 йил давомида хўжаликда парвариш қилиниб, бугунги наслчилик дастурининг асосчиси сифатида эътироф этилади.






























Изоҳлар 0
…