Рим яқинидан топилган қадимий вилла олимларни ҳайратга солди

Рим яқинидан топилган қадимий вилла олимларни ҳайратга солди

Италия пойтахти Рим атрофида жойлашган Кастел-ди-Гвидо ҳудудида Рим империяси даврига мансуб бўлган улкан ва ҳашаматли вилла қолдиқлари аниқланди. Тарихий топилма археологлар ва мутахассисларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил февраль ойида маҳаллий аҳоли мазкур ҳудудда гумонли ҳаракатлар кузатилаётгани ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар берган. Шундан сўнг ўтказилган текширувлар давомида карабинерлар ноқонуний қазиш ишлари изларини — тунги фаолият, янги кавланган ерлар ва рухсатсиз техника ишлатилганини аниқлаган.

Тергов жараёнида бир гуруҳ шахслар экскватор ёрдамида ҳудудга кириб, ер остида яширинган қадимий иншоотгача етиб боргани маълум бўлди. Гарчи қазиш ишлари тез орада тўхтатилган бўлса-да, айнан шу ҳаракатлар натижасида илгари фанга маълум бўлмаган римликлар даврига оид вилла кашф этилди.

Археологлар ҳозирга қадар марказий атриум, сув тўпланадиган ҳовузли кенг зал ҳамда қора-оқ рангларда ишланган ноёб мозаика полларни очишга муваффақ бўлган. Мозаикаларда геометрик ва ўсимликсимон нақшлар сақланиб қолгани айтилади.

Италия Маданият вазирлиги вакилларининг таъкидлашича, ушбу ҳудуд қадимда Лориум деб аталган маскан таркибига кирган бўлиб, бу ерга Рим императорлари тез-тез ташриф буюрган. Шу боис топилган вилла юқори табақага мансуб бой аристократлар қароргоҳи бўлган бўлиши мумкин.

Қазишмалар давомида мармар безаклар, ҳайкал бўлаклари ва Рим мифологиясида табиат ҳомийси ҳисобланган Силванга тегишли артефактлар ҳам топилган.

Расмийлар ноқонуний қазишлар туфайли иншоотнинг айрим қисмларига зарар етганини билдирмоқда. Бироқ тарихий қимматга эга буюмлар ўғирланган ёки йўқлиги ҳозирча аниқ эмас. Айни пайтда ҳудудда археологик тадқиқотлар давом этмоқда. Келгусида эса ташриф буюрувчилар ушбу ноёб тарихий масканни олдиндан рўйхатдан ўтган ҳолда томоша қилиш имконига эга бўлади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар