Миядаги “ёвузлик”ни аниқлаш мумкинми? Суддаги баҳсли иш

АҚШда маҳкумлар миясини ўрганиш билан шуғулланувчи олим Кент Килнинг баҳсли тадқиқотлари яна жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Унинг фикрича, мия сканерлари ва генетик таҳлиллар орқали инсоннинг зўравонликка мойиллиги ёки психопатлик хусусиятларини аниқлаш мумкин.
Кент Кил йиллар давомида минглаб маҳкумларнинг миясини текшириб келган ва унинг тадқиқотлари АҚШ судларида далил сифатида қўлланилган. Адвокатлар айрим ҳолатларда ушбу маълумотлардан фойдаланиб, мижозларининг ҳаракатлари биологик омиллар билан боғлиқ эканини исботлашга уринган.
Бироқ бу усул кутилган натижани бермаган ҳолатлар ҳам бўлган. Жумладан, Амос Жозеф Уэллс III ишида ҳимоя томони унинг генлари ва мия тузилиши зўравонликка мойилликни кучайтирганини таъкидлаган. Аммо суд ҳайъати буни енгиллаштирувчи омил сифатида эмас, аксинча, келажакда ҳам хавфли бўлиши мумкинлигининг далили сифатида қабул қилиб, уни ўлим жазосига ҳукм қилган.
Мутахассисларнинг бир қисми Килнинг тадқиқотлари илмий жиҳатдан етарлича асосланмаганини таъкидламоқда. Улар инсон хулқ-атворини фақат мия тасвирлари ёки генлар орқали башорат қилиш мумкин эмаслигини айтмоқда. Айрим олимлар бундай ёндашув илгари рад этилган ва ҳатто ирқий камситишларга асос бўлган назарияларни эслатишини қайд этган.
Танқидчиларнинг фикрича, жиноятчиликни биологик хусусиятлар билан боғлаш ижтимоий муҳит, тарбия, қашшоқлик ва руҳий саломатлик каби муҳим омилларни эътибордан четда қолдириши мумкин. Шунингдек, бундай далиллар баъзан маҳкумларга енгиллик бериш ўрнига, уларни янада хавфли шахс сифатида кўрсатиб қўйиши эҳтимоли бор.
Кент Кил эса ўз тадқиқотлари замонавий илм-фанга асосланганини ва улар қатъий текширувлардан ўтганини таъкидламоқда. Шунга қарамай, унинг ишлари атрофидаги баҳслар ҳамон давом этмоқда.
Ҳуқуқшунослар ва олимлар ўртасидаги асосий савол эса ҳали ҳам очиқ қолмоқда: инсоннинг келажакдаги ҳаракатларини мияси ва генлари орқали олдиндан аниқлаш мумкинми ёки бу хавфли ва баҳсли назариями?






























Изоҳлар 0
…