Минг йил яширинган сирли шаҳар жунглидан топилди

Мексиканинг қалин жунгли ўрмонлари бағрида археологлар томонидан Майя цивилизациясига тегишли яна бир ноёб ва сирли шаҳар кашф этилди. Олимлар ҳисоб-китобларига кўра, ушбу шаҳар минг йилдан ортиқ вақт давомида инсонлар назаридан четда қолиб келган.
Маълум қилинишича, топилма Кампече штатида жойлашган Калакмуль биосфера қўриқхонаси ҳудудида словениялик ва мексикалик олимларнинг қўшма тадқиқот экспедицияси давомида аниқланган. Янги археологик ёдгорликка юкатек майялари тилида “йўл йўқ” маъносини англатувчи Минанбе номи берилди. Бу ном шаҳар жойлашган ҳудудга етиб бориш жуда мушкул бўлгани сабабли танланган.
Тадқиқотларга Словения фан ва санъат академияси Илмий-тадқиқот маркази археологи Иван Шпрайц раҳбарлик қилди. Дала ишлари бошланишидан аввал мутахассислар ҳудуднинг LiDAR — лазерли сканерлаш технологияси орқали олинган маълумотларини таҳлил қилган. Айнан шу маълумотлар қалин ўрмон қоплами остида қадимий сунъий иншоотлар мавжуд бўлиши мумкинлигини кўрсатган.
Қазиш ва ўрганиш ишлари натижасида майдони тахминан 13 гектарни ташкил этувчи қадимий шаҳар аниқланди. Дастлабки маълумотларга кўра, Минанбе милодий 600–900 йиллар оралиғида қурилган. Шаҳар ҳудудида кўплаб меъморий иншоотлар, жумладан, Рио-Бек услубида барпо этилган 13 метр баландликдаги пирамида, сув рамзлари ҳамда бошдан жудо қилиш маросимлари акс этган тош рельефлар сақланиб қолган.
Археологларнинг таъкидлашича, топилма деярли шикастланмаган ҳолатда етиб келган. Кўплаб бошқа Майя шаҳарларидан фарқли равишда, бу ерда талон-торож ёки ноқонуний қазиш излари аниқланмаган. Бу эса Минанбенинг илмий ва тарихий аҳамиятини янада оширмоқда.
Олимлар фикрича, ушбу шаҳар ўз даврида қишлоқ хўжалигига таянган йирик иқтисодий ва минтақавий марказлардан бири бўлган. Янги кашфиёт Майя цивилизациясининг ҳалигача ўрганилмаган сирларини очишда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…