Хитойлик миллиардер АҚШда 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди

2 дақиқа ўқиш1.4K
Хитойлик миллиардер АҚШда 30 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Хитойнинг собиқ бой тадбиркорларидан бири Го Венгуй Ню-Ёрк суди томонидан миллиардлаб долларлик фирибгарлик иши бўйича 30 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
  • Собиқ кўчмас мулк магнати 2017 йилда Хитойни тарк этиб АҚШга кетган ва у ерда ўзини Хитой Коммунистик партиясининг танқидчиси сифатида кўрсатиб, интернет орқали минглаб тарафдорларни тўплаган эди.

Бир вақтлар Хитойнинг энг бой тадбиркорларидан бири сифатида танилган Го Вэнгуй АҚШда йирик молиявий фирибгарлик иши бўйича 30 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Суд уни миллиардлаб долларлик фирибгарлик схемасини ташкил этганликда айбдор деб топди.

Собиқ кўчмас мулк магнати 2017 йилда Хитойни тарк этиб, АҚШга кетган ва у ерда ўзини Хитой Коммунистик партиясининг танқидчиси сифатида намоён қилган. Шунингдек, у интернет орқали минглаб тарафдорларни атрофига тўплашга муваффақ бўлган.

Бироқ кейинчалик Го Вэнгуй жиноий уюшма тузиш, фирибгарлик ҳамда пул ювиш билан боғлиқ айбловлар бўйича айбдор деб топилди.

Нью-Йорк суди судьяси Аналиса Торреснинг таъкидлашича, Го Вэнгуй Хитойда демократия ўрнатилишини қўллаб-қувватлаган инсонларнинг ишончидан фойдаланиб, уларнинг маблағларини шахсий ҳашаматли ҳаётини молиялаштириш учун ишлатган.

BBC Го Вэнгуй вакиллари билан боғланиб, ушбу ҳукм юзасидан изоҳ олишга ҳаракат қилган.

Го Вэнгуй, шунингдек Майлз Го ва Ҳо Ван Квок номлари билан ҳам танилган бўлиб, унга нисбатан ҳукм унинг тарафдорлари билан тўлган суд залида эълон қилинди.

АҚШ прокуратураси вакили Шон С. Баклининг билдиришича, Го Вэнгуй қонуний имкониятлардан фойдаланиш ўрнига, минглаб одамлар билдирган ишончни шахсий манфаати ва очкўзлиги йўлида суиистеъмол қилган.

«Бугунги ҳукм шуни кўрсатадики, машҳурлик ёки бойлик ҳеч кимни қонундан устун қўймайди. Оилаларни алдаб бойлик орттирган шахслар жиддий жазога дуч келади», — деди прокурор.

Го Вэнгуй Хитойни тарк этишидан аввал кўчмас мулк соҳасида катта бойлик тўплаган ва мамлакат ҳукумати билан яқин алоқаларга эга бўлган. Кейинчалик Хитойнинг юқори мартабали амалдорлари уни коррупцияда айблагач, у АҚШдан сиёсий бошпана сўраган.

АҚШда у Хитой Коммунистик партиясининг кескин танқидчисига айланиб, маҳаллий хитойликлар орасида катта аудитория тўплаган.

Прокуратура маълумотига кўра, Го Вэнгуй 2018–2023 йиллар оралиғида интернетдаги тарафдорларини турли инвестиция ва криптовалюта лойиҳаларига жалб қилиб, 1 миллиард доллардан ортиқ маблағ йиғган.

Тергов маълумотларига кўра, ушбу маблағлар 50 минг квадрат футлик ҳашаматли қаср, 1 миллион долларлик Lamborghini автомобили ҳамда 37 миллион долларлик яхта каби қимматбаҳо мулкларни сотиб олишга сарфланган.

Го Вэнгуй эса айбловларни рад этиб, йиғилган маблағлар сиёсий фаолиятини молиялаштириш учун ишлатилганини айтган.

У шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Стив Бэннон билан ҳам яқин алоқалар ўрнатган. Иккиси 2020 йилда Хитой Коммунистик партиясини ағдариш мақсадини кўзлаган «Хитойнинг Янги Федерал Давлати» ташаббусини эълон қилган.

Ўша йилнинг ўзида Стив Бэннон Коннектикут штатида Го Вэнгуйга тегишли яхтада қўлга олинган. У АҚШ–Мексика чегараси деворини қуриш учун маблағ йиғиш билан боғлиқ алоҳида фирибгарлик иши бўйича айбланган.

Кейинчалик Бэннон Манҳеттен судида фирибгарлик айбловини тан олган ва унга уч йиллик шартли жазо тайинланган. Шунингдек, у федерал айбловларга ҳам дуч келган эди, бироқ Дональд Трамп президентлик муддатининг сўнгги соатларида уни афв этгани сабабли бу иш тўхтатилган.

Мақола сизга ёқдими?

Обуна билан реклама бўлмайди

Zamin Premium — ойига 4 900 сўм

Изоҳлар0

…

  1. Футбол академиялари учун Skaut: тўлов, давомат ва ота-она билан алоқа энди битта тизимда
  2. Тошкентдан Америкага: Нурмухаммад Исмоилов Akinda орқали ҳалол инвестицияни глобал миқёсга олиб чиқмоқда
  3. Автосервисингизни рақамлаштиринг: Bip Business билан мижозларни йўқотманг
  4. Машина ойнасига рақам ёзиш хавфлими? Bip ҳайдовчилар учун янги ечим топди!
  5. 8 та кенг тарқалган молиявий хато: нималардан сақланиш керак?
  6. Playmatch: майдон эгалари ишини анча енгиллаштиради
  7. Playmatch: футбол ўйнаш учун керакли барча хизматлар битта иловада
  8. Кундалик харажатлар учун картани қандай танлаш мумкин?
  9. Элдор Шомуродов футбол академияси ва TBC Bank: болалик орзуларидан катта футболгача
  10. ANORBANK Бўстонлиқдаги 168-сон мактаб-интернат тарбияланувчиларини табриклади
  11. Ҳайдовчилар ва ташувчилар учун ОСГОП суғуртасининг афзалликлари...
  12. Pure Milky’дан навбатдаги креатив: Ҳар қадам — азиз инсонларга меҳр билан!
  13. Кредит олиш имкониятини ошириш учун қаерда ишлаш керак?
  14. Бизнес имкониятингизни кенгайтиринг
  15. Фаннинг ривожланишига барчамиз масъулмиз!
  16. XIV Тошкент халқаро кинофестивали қандай ўтказилмоқда?