Астрономлар 129 та галактикада Дайсон сфераларини топа олмади

Халқаро олимлар гуруҳи 129 та яқин галактикани таҳлил қилиб, уларнинг бирортасида Дайсон суруви ёки шунга ўхшаш мега-иншоотлар мавжудлигини тасдиқловчи далил топмади. Тадқиқотда бундай иншоотлар юлдуз энергиясини ютиб, уни инфрақизил нурланиш сифатида қайта чиқариши ҳақидаги фараз асосида 1419 та спектрал тақсимот синовдан ўтказилди.
Халқаро олимлар гуруҳи юлдузлараро фазода технологик цивилизациялар изларини аниқлашга қаратилган тарихдаги энг йирик тадқиқотни якунлади. ixbt.com маълумотига кўра, астрономлар 129 та яқин галактикани таҳлил қилиб, уларнинг ҳеч бирида илггари фараз қилинган Дайсон сфералари ёки шунга ўхшаш йирик мега-иншоотлар мавжудлигини тасдиқловчи далилларни топа олмади. Шунга қарамамай, ушбу кенг кўламли изланиш келгусида ўзга сайёраликлар цивилизацияларини қидириш учун анча аниқ ва қатъий илмий услубни шакллантириш имконини берди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Илмий изланишнинг асосий ғояси оддий физика қонунларига асосланади. Агар технологик жиҳатдан ривожланган цивилизация ўз юлдузининг энергиясидан фойдаланиш учун унинг атрофида қуёш батареялари, станциялар ёки бошқа улкан конструкциялардан иборат тизим (Дайсон сурувини) қурган бўлса, ютилган ёруғлик йўқолиб кетмайди. У муқаррар равишда инфрақизил нурланиш диапазонида қайта чиқарилиши керак. Шу сабабли тадқиқотчилар оддий космик чанг, фаол галактика ядроси ёки фаол юлдуз ҳосил бўлиш жараёнлари билан тушунтириб бўлмайдиган ортиқча инфрақизил нурланишни қидиришди.
Қидирув учун энг қулай ҳудудлар аниқланди
Тадқиқот давомида олимлар нафақат реал маълумотларни таҳлил қилишди, балки модел ёрдамида турли параметрларга эга 1419 та спектрал тақсимотни синовдан ўтказишди. Маълум бўлишича, юлдуз ҳосил бўлиш жараёни секин кечадиган ва чанг миқдори кам бўлган тинч галактикалар бундай изланишлар учун энг қулай муҳит ҳисобланади. Бундай тизимларда инфрақизил нурланиш манбалари олдиндан башорат қилинадиган даражада бўлгани боис, юлдуз нурларининг атиги 4-5 фоизини ютувчи ҳипотетик иншоотларни ҳам аниқлаш имконини беради.Бироқ юлдуз ҳосил бўлиши фаол кечадиган галактикаларда вазият анча мураккаблашади. Қизиган юлдузлараро чанг ўз-ўзидан «инфрақизил ортиқча»ни келтириб чиқаради ва бундай шароитда сунъий сурув сезилиши учун у юлдуз энергиясининг камида 20 фоизини тўсиб қўйиши талаб этилади. Яна бир қийинчилик фаол галактика ядролари билан боғлиқ бўлиб, уларнинг иссиқ чанги технологик чиқинди иссиқлик сифатида қабул қилиниб, чалкашликлар туғдириши мумкин.
Статистик натижалар ва истиқболлар
Олинган реал маълумотларга кўра, ўрганилган 129 та галактиканинг бирортаси ҳам Дайсон суруви моделига статистик жиҳатдан ишончли тарзда мос келмади. Фаол ядроси бўлмаган тинч галактикалар учун ушланган нурланиш улушининг медиан юқори чегараси атиги 0,3 фоизни ташкил этди. Умумий танланма миқёсида эса бу натижа ўрганилган галактикаларнинг кўпи билан 2,6 фоизигагина тахминан 25 фоиз юлдуз нурини тўсувчи иншоотлар хос бўлиши мумкинлигини англатади.Муаллифлар технологик нурланишни табиий астрофизик ҳодисалардан фарқлаш йўлларини ҳам кўрсатиб ўтдилар. Жумладан, галактик сурув нурланиши юлдуз диски бўйлаб тарқалиши керак, фаол ядро эса марказда тўпланади, юлдуз ҳосил бўлиши билан боғлиқ чанг эса спирал шаклдаги тармоқларни такрорлайди. Келгусида PRИМА кенг бурчакли маълумотлари спектрнинг совуқ қисмини аниқлаштиришга ёрдам беради, шундан сўнг энг қизиқарли номзодларни JWST телескопи ёрдамида текшириш мумкин бўлади.






























Изоҳлар 0
…