16 кун очлик эълон қилган фаол шифохонада намойишини якунлади

Ҳиндистоннинг шарқий Жаркханд штатида 16 кунлик очлик намойиши ҳукумат баҳсли ишга қабул қилиш имтиҳонини бекор қилиш талабини қабул қилгач якунланди. Намойишларнинг асосий иштирокчиларидан бири Девендра Натх Махто соғлиғи ёмонлашгани сабабли Ранчи шаҳридаги шифохонада даволанган эди.
Ҳиндистоннинг шарқий Жаркханд штатида фаоллардан бири 16 кун давом этган очлик намойишини якунлади. Ҳукумат намойишчиларнинг баҳсли ишга қабул қилиш имтиҳонини бекор қилиш талабини қабул қилди.
Шу билан бирга, намойиш иштирокчилари бошқа ишга қабул қилиш имтиҳонларида ҳам қоидабузарликлар содир этилгани ҳақидаги гумонларни текшириш учун Ҳиндистоннинг бош тергов органи иш бошламагунича, кўча намойишларини тўхтатмаслигини маълум қилди.
Намойишларнинг асосий иштирокчиларидан бири Девендра Натх Махто акцияни штат вазирлари иштирокида якунлади. У соғлиғи ёмонлашгани сабабли ўтган ҳафта Ранчи шаҳридаги шифохонага ётқизилган эди.
Норозиликлар 25 июль куни давлат ишига кириш имтиҳонларида қоидабузарликлар бўлгани ҳақидаги даъволар ва тизимни ислоҳ қилиш талаби билан бошланган.
Ҳиндистонда давлат ишлари барқарорлик ва ишончли даромад туфайли жуда талабгир. Ҳар йили миллионлаб инсонлар давлат лавозимлари учун имтиҳон топширади ва кўпчилик махсус тайёрлов курсларида ўқийди.
Бироқ бир қатор имтиҳонларда саволлар олдиндан тарқатилгани ва номзодлар адолатсиз усуллардан фойдалангани ҳақида даъволар билдирилган. Ишга қабул жараёни эса баъзан бир неча йилга чўзилади.
Жаркханддаги норозиликлар ўтган ойда дастлабки давлат хизмати имтиҳони натижалари эълон қилингач бошланган. Айрим номзодлар интернетда тарқалган жавоб варақалари натижалар манипуляция қилинган бўлиши мумкинлигига шубҳа уйғотганини айтган.
Бу воқеалар Деҳлидаги йирик намойишлардан кейин юз берди. У ердаги норозиликлар якунида федерал таълим вазири истеъфога чиққан ва Жаркханд ҳукуматига босим кучайган эди.
Штат ҳукумати дастлабки имтиҳонни бекор қилишга рози бўлди ва Жиноий тергов департаменти — CID текшируви бошланди. Бир неча киши, жумладан, Жаркханд Давлат хизмати комиссияси раҳбари ҳам ҳибсга олинди.
Бироқ намойишчилар JSSC-CGL имтиҳонини ҳам бекор қилиш ва мамлакат Марказий тергов бюроси — CBI томонидан текширув ўтказилишини талаб қилди.
Душанба куни кечқурун бош вазир Ҳемант Сорен ушбу имтиҳон ҳам бекор қилинишини маълум қилди.
Бош вазир CID тергови давомида «кўплаб ҳайратланарли фактлар аниқланаётгани»ни айтди, аммо қўшимча тафсилот бермади.
Сорен, шунингдек, тендер асосида имтиҳонларни ўтказган хусусий TDPL компанияси ташкил этган барча имтиҳонлар бекор қилиниши ва 2014 йилдан буёнги ишга қабул имтиҳонлари текширилишини маълум қилди.
Агар қоидабузарликлар аниқланса, бу имтиҳонлардан ўтиб, давлат ишларига қабул қилинган номзодларнинг тақдири ҳозирча номаълум. Шунингдек, штат имтиҳон тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тайёрлайдиган махсус қўмита тузилади. Ҳукумат қарори Ранчидаги намойишчилар томонидан қувонч билан кутиб олинди. Улар стадионда рақсга тушиб, байрам қилди.
Шунга қарамай, айрим фаоллар CBI текшируви эълон қилинмагунча акцияларни давом эттиришини билдирди.
«Бу талабимиз бажарилмагунча, биз бу ердан кетмаймиз», — деди талабалар фаоли Равиндра Пасван ANI ахборот агентлигига.
Норозиликлар Жаркханд Мукти Морча, Конгресс ва бошқа партиялардан тузилган ҳукуматга босимни кучайтирди. Мухолифатдаги Бош вазир Нарендра Модининг BJP партияси эса намойишчиларни қўллаб-қувватлади.
Айни пайтда хабарларга кўра, JSSC-CGL имтиҳонини бекор қилиш қарори ушбу синовдан муваффақиятли ўтиб, аллақачон давлат ишларида фаолият бошлаган номзодлар орасида ҳам норозилик уйғотган.






























Изоҳлар 0
…