6 миллион асаларини сақлаб қолган инсон ҳақида нималар маълум?

Сингапурда 42 ёшли Кларенс Чуа асалариларни йўқ қилиш ўрнига уларни хавфсиз жойга кўчириш билан шуғулланиб, сўнгги олти йил ичида қарийб 6 миллион асаларини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Кларенс Чуа асалари уяларини оддий бандана ва қўлқопсиз, фақат ўз тажрибасига таянган ҳолда эҳтиёткорлик билан йиғиб, махсус ёғоч қутиларга жойлайди. Кейин эса уларни хавфсиз ҳудудларга, баъзан ҳатто ўз ҳовлисида ташкил этган асаларичилик майдонига кўчиради.
Унинг айтишича, асалариларга ҳурмат билан муносабатда бўлиб, уларга хавф туғдирилмаса, инсонга тажовуз қилмайди.
Сингапурда уйига ёки ҳовлисига асалари уя қурган одамлар одатда зараркунандаларга қарши кураш хизматларига мурожаат қилади. Бундай хизматлар уяни бир неча дақиқада йўқ қилиб ташлайди. Аммо Кларенс аҳолини асалариларни йўқ қилиш ўрнига қутқаришга кўндиришга эришган. У мазкур хизматни уянинг ҳажмига қараб ҳақ эвазига амалга оширади.

Сўнгги олти йил давомида у ҳар йили ўртача 100 та асалари уясини бошқа жойга кўчирган. Бу эса умумий ҳисобда тахминан 6 миллион асаларининг ҳаёти сақлаб қолинганини англатади. Кўчириш жараёнида она асалари, личинкалар ва ишчи асаларилар биргаликда сақланади, шундан сўнг улар Кларенс бошқарадиган учта асаларичилик ҳудудига жойлаштирилади.
У фаолияти давомида жуда ноодатий жойлардан ҳам асалариларни қутқарган. Жумладан, турар жой мажмуасидаги ибодат уйчасидан, ҳатто самолёт двигателига жойлашган уяни ҳам хавфсиз тарзда кўчирган. Самолёт эса асаларилар олиб чиқилмагунча парвоз қила олмаган.
Асалариларни қутқариш маданияти оммалашаётгани сабабли, бугунги кунда Сингапурдаги маҳаллий шаҳар кенгашлари ҳам жамоат турар жойларидаги уяларни кўчириш учун Кларенс хизматидан фойдаланмоқда.
Шу билан бирга, бу иш хавфдан холи эмас. Бир сафар у сокин деб ўйлаган асаларилар тўдасига яқинлашганида, улар ҳужум қилиб, ярим дақиқа ичида уни қарийб 100 марта чаққан. Бу воқеадан кейин у табиатни ҳеч қачон менсимаслик кераклигини англаганини айтади.

Кларенс ижтимоий тармоқларда ҳам асалариларни муҳофаза қилиш ғоясини фаол тарғиб қилади. Унинг биринчи шахс нуқтаи назаридан олинган видеолари минглаб кузатувчиларнинг эътиборини тортган.
Унинг таъкидлашича, асалариларсиз мева-сабзавот ҳосили кескин камайиши ёки уларнинг нархи анча қимматлашиши мумкин. Шу боис инсон ҳаёти ва озиқ-овқат хавфсизлиги учун асалариларни асраш жуда муҳим аҳамиятга эга.






























Изоҳлар 0
…