АҚШда рекорд жазирама: юзлаб одамлар жабрланди, FIFA хавотирда

АҚШда рекорд жазирама: юзлаб одамлар жабрланди, FIFA хавотирда

АҚШ ҳудудининг катта қисмида кузатилаётган кучли иссиқлик тўлқини мамлакатдаги йирик оммавий тадбирларга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Жазирама туфайли АҚШнинг 250 йиллик Мустақиллик байрамига бағишланган қатор тадбирлар режаси ўзгартирилди, FIFA Жаҳон чемпионати доирасидаги баъзи учрашувлар тақдири ҳам муҳокама қилинмоқда.

The Guardian нашрининг ёзишича, халқаро World Weather Attribution тадқиқот гуруҳи АҚШ ва Канаданинг айрим ҳудудларидаги фавқулодда иссиқ ҳавони “иссиқлик гумбази” деб аталувчи юқори босимли атмосфера тизими билан изоҳлаган. Мутахассислар фикрича, глобал иқлим ўзгариши бу каби экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг тез-тез такрорланишига сабаб бўлмоқда.

Олимлар ҳисоб-китобларига кўра, агар Ер атмосферасининг ўртача ҳарорати саноат давридан олдинги даражага нисбатан 1,4 даражага ошмаганида, бу даражадаги иссиқлик деярли учрамас эди.

Империал коллежи тадқиқотчиси Теодор Киппинг таъкидлашича, бугунги АҚШ иқлими мамлакат мустақиллиги эълон қилинган даврдагидан мутлақо фарқ қилади. Айни пайтда Вашингтонда ўтказилаётган юбилей тадбирларида юқори ҳарорат сабаб бир қатор ўзгаришлар киритилган. Маълум қилинишича, ўндан ортиқ иштирокчига тиббий ёрдам кўрсатилган, 11 нафар киши эса шифохонага ётқизилган.

Кучли иссиқ FIFA Жаҳон чемпионати баҳсларига ҳам таъсир қилиши мумкин. Жумладан, Филадельфия шаҳрида бўлиб ўтадиган Франция – Парагвай учрашуви юқори ҳарорат ва намлик шароитида ўтказилиши режалаштирилган. Футболчилар халқаро уюшмаси эса бундай вазиятда ўйинларни бошқа вақтга кўчириш ёки кечиктириш эҳтимоли мавжудлигини маълум қилди.

Пенсильвания штатидаги оммавий тадбирлардан бирида эса 100 нафардан ортиқ одам иссиқлик таъсири оқибатида тиббий ёрдамга муҳтож бўлган. Шу муносабат билан ҳудудга қўшимча тез ёрдам бригадалари ва мобиль совутиш пунктлари жалб этилган.

Бундан ташқари, мамлакатнинг йирик темирйўл ташувчиси Amtrak ҳам юқори ҳарорат сабаб шимоли-шарқий ҳудудлардаги 20 дан ортиқ поезд рейсини бекор қилди ва йўловчиларни эҳтимолий кечикишлар ҳақида огоҳлантирди.

Мутахассислар глобал исиш таъсири йил сайин кучайиб бораётганини таъкидлаб, иссиқхона газлари чиқиндиларини қисқартириш бўйича тезкор чоралар кўриш зарурлигини яна бир бор эслатмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар