Қумлар остида яширинган Византия шаҳри Мисрда топилди

Мисрда археологлар мамлакат тарихини янада чуқурроқ очиб берувчи муҳим топилмаларни аниқлади. Мамлакатнинг ғарбидаги Ливия саҳросида жойлашган Дахла воҳасида Византия империяси даврига мансуб IV аср шаҳрининг қолдиқлари топилди. Шунингдек, Александрия яқинидаги Марина-эл-Аламейн ҳудудида 18 та қадимий мақбара аниқланган. Бу ҳақда Associated Press мамлакат Туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, Дахла воҳасида шимол-жануб ва шарқ-ғарб йўналишида кесишувчи кўчаларга эга қадимий шаҳар тарҳи аниқланган. Бош кўчалар атрофида ибодатхона, икки кузатув минораси, қалин мустаҳкам деворли мудофаа иншоотлари ҳамда гумбазли тураржой бинолари қолдиқлари топилган. Археологлардан бири диакон (руҳоний ёрдамчиси) уйи сифатида баҳоланган иншоот ибодатхона қурилгунга қадар черков вазифасини ҳам бажарганини таъкидламоқда.
Қазишмалар давомида нон пишириш печлари, ошхона анжомлари, маҳсулотларни майдалаш учун ишлатилган тош қуроллар ҳам топилди. Шунингдек, Византия императорлари тасвири туширилган, лотинча ёзувлар ва насронийлик рамзлари акс этган яхши сақланган бронза тангалар, шунингдек, Рим императори Констанций II (337–361 йиллар) ҳукмронлиги даврига мансуб олтин тангалар ҳам археологлар эътиборини тортди.
Марина-эл-Аламейн ҳудудида эса 18 та қадимий мақбара — 11 таси қояларга ўйилган, 7 таси ер устида қурилган қабрлар кашф этилди. Бу ердан сопол идишлар, амфоралар, чироқлар, ликоплар, қурбонгоҳлар, оҳактош косалар, дафн маросимида марҳумларнинг оғзига қўйилган тўртта олтин танга, ичида скелет қолдиқлари сақланган 2,5 метрли гранит саркофаг ҳамда гипсдан ясалган сфинкс ҳайкалининг парчалари ҳам топилди.
Мутахассислар ушбу топилмалар Миср ҳудудида Византия ва Рим давридаги ҳаёт, шаҳарсозлик, диний анъаналар ва дафн маросимларини янада яхшироқ ўрганиш имконини беришини таъкидламоқда. Бу кашфиётлар мамлакатнинг бой археологик меросини ёритишда муҳим аҳамият касб этади.






























Изоҳлар 0
…