Тўйдан беш ой ўтиб ўлган келин ишида янги тафсилотлар очиқланди

Ҳиндистонда 33 ёшли модел ва актриса Твиша Шарманинг ўлими бўйича эри Самарт Сингҳ ва қайнонаси Гирибала Сингҳга ўз жонига қасд қилишга ундаш ҳамда шафқациз муносабат билан боғлиқ айбловлар қўйилди. Твиша 12 май куни тўйидан беш ой ўтиб, Бхопал шаҳридаги эрининг уйида вафот этган, КБИ эса судга 600 саҳифалик айблов хулосасини тақдим этган.
Ҳиндистонда 33 ёшли модель ва актриса Твиша Шарманинг ўлими бўйича унинг эри ва қайнонасига расмий айбловлар қўйилди. Твиша тўйидан атиги беш ой ўтиб, 12 май куни Бхопал шаҳридаги эрининг уйида вафот этган эди.
Унинг ўлими мамлакатда катта шов-шувга сабаб бўлиб, воқеа қотиллик ёки ўз жонига қасд қилиш бўлгани ҳақида турли қарашлар билдирилди.
Марказий тергов бюроси — CBI судга тақдим этган 600 саҳифалик айблов хулосида Твишанинг эри Самарт Сингҳ ва қайнонаси, нафақадаги судья Гирибала Сингҳга «ўз жонига қасд қилишга ундаш» ва «шафқатсиз муносабат» билан боғлиқ айбловлар қўйилганини маълум қилди. Улар эса айбловларни рад этмоқда.
Твишанинг ота-онаси ва яқинлари уни эри ва қайнонаси сеп талаблари туфайли тазйиққа учратгани ва ўлдирилганини даъво қилган. Гирибала эса бу иддаоларни асоссиз деб атаб, Твишада руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар бўлганини ва у ўз жонига қасд қилганини айтган.
CBI маълумотларига кўра, никоҳдан кейин Самарт Твишага бир неча марта руҳий босим ўтказган ва ҳақоратомуз сўзлар ишлатган. Терговда Гирибала ҳам ўғлини келинига нисбатан руҳий тазйиқ ўтказишга ундагани қайд этилган.

Твишанинг оиласи эса асосий келишмовчилик апрель ойида, у ҳомиладор бўлганидан кейин бошланганини айтган. Уларнинг даъвосига кўра, эри ва қайнонаси ҳомила бошқа эркакдан эканини айтган ҳамда уни ҳомиладорликни тўхтатишга мажбурлаган. Гирибала буни рад этиб, абортни Твишанинг ўзи хоҳлаганини билдирган.
Твиша 2012 йилда Пуна шаҳридаги гўзаллик танловида ғолиб чиқиб, «Miss Pune» унвонини олган. У реклама лойиҳаларида, телугу тилидаги фильмда иштирок этган, кейинчалик хусусий компанияларда маркетинг мутахассиси бўлиб ишлаган.
CBI маълумотларига кўра, Твиша Самарт билан 2025 йил февраль ойида танишув иловаси орқали танишган ва улар декабрь ойида турмуш қурган.
Твишанинг ўлимидан кейин Гирибаланинг журналистларга берган интервьюси ҳам катта баҳсларга сабаб бўлди. У келинининг руҳий ҳолати ҳақида гапириб, уни «либерал» деб атаган. Бу баёнотлардан сўнг Твишанинг отаси уни қизининг обрўсига путур етказишга уринишда айблаган.
Айни пайтда тергов давом этмоқда. CBI янги далиллар пайдо бўлса, ишга бошқа шахслар ҳам жалб қилиниши ва қўшимча айбловлар қўйилиши мумкинлигини билдирган.






























Изоҳлар 0
…