Космосда миямизга нима бўлади? Олимлар аниқлаган ҳайратланарли ҳақиқат

Инсон организми миллиардлаб йиллик эволюция давомида Ернинг одатий тортишиш кучи – гравитация шароитига мослашиб келган. Шу боис коинотга парвозлар илк бор бошланган даврда олимларни бир савол қаттиқ ўйлантирарди: вазнсизлик муҳитида инсон организмига, айниқса, мияда нима юз беради? Қон айланиши бузиладими, суяклар емириладими ёки мияга жиддий таъсир кўрсатадими?
1950-йиллар охирида сичқонлар, ўргимчаклар ва итлар иштирокида ўтказилган тажрибалар тирик организмлар космосда яшай олишини кўрсатди. Кейинчалик инсонлар иштирокидаги парвозлар эса одам нафақат тирик қолиши, балки янги муҳитга мослаша олишини ҳам исботлади.
Европа космик агентлиги (ESA) астронавти Лука Пармитано космосда инсон танаси бир неча ҳафта ичида сезиларли даражада ўзгаришини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, юз юмалоқлашади, оёқлар ингичкалашади ва инсон ўз танасини мутлақо бошқача ҳис қила бошлайди. Пармитано буни организмнинг вазнсизликка табиий мослашуви деб баҳолайди.
Бироқ космос инсоннинг нафақат мушаклари ва суякларига, балки миясига ҳам таъсир кўрсатади. Ерда ҳар бир ҳаракат гравитацияни енгиш билан боғлиқ бўлса, космосда бундай эҳтиёж қолмайди. Натижада суяклар кальций йўқота бошлайди, мушаклар заифлашади, юракда ҳам муайян ўзгаришлар кузатилади. Шунингдек, танадаги суюқликлар юқори қисмига силжиши сабабли астронавтларнинг юзи шишгандай кўринади.
Шунинг учун Халқаро космик станцияда хизмат қиладиган астронавтлар ҳар куни икки соатга яқин машқ қилишга мажбур. Шунга қарамай, олти ойлик парвоздан кейин Ерга қайтган астронавтлар капсуладан мустақил чиқа олмайди ва носилкаларда олиб чиқилади. Улар суякларининг тўлиқ тикланиши учун эса баъзан тўрт йилгача вақт талаб этилади.

Мутахассисларнинг фикрича, инсон организмидаги энг муҳим аъзо — бу миядир. ESA парвоз жарроҳи Алессандро Альчибиаденинг таъкидлашича, агар инсон космосга соғлом ва самарали ишлайдиган мия билан бормаса, бошқа барча тайёргарликлар ўз аҳамиятини йўқотади.
Шу кунгача космоснинг мияга таъсири бўйича тадқиқотлар чекланган сондаги астронавтларда ўтказилган. Масалан, америкалик астронавт Скотт Келли бир йил давомида Халқаро космик станцияда бўлган, унинг эгизак акаси Марк Келли эса Ерда қолган. Тадқиқот натижаларига кўра, парвоз пайтида Скоттнинг когнитив қобилиятларида катта ўзгариш кузатилмаган, аммо Ерга қайтгач, тахминан олти ой давомида улар маълум даражада пасайган.
Яқинда Frontiers in Psychology журналида эълон қилинган янги тадқиқотда Буюк Британиядаги Биркбек университети олимлари 377 нафар иштирокчи қамраб олинган 15 та мия тасвирлаш тадқиқотини таҳлил қилди. Улар орасида астронавтлар ҳам, Ерда космос шароитини тақлид қилувчи тажрибаларда қатнашган кўнгиллилар ҳам бўлган.
Олимлар хулосасига кўра, вазнсизлик шароитида инсон мияси ҳам жисмоний ва функционал жиҳатдан қайта мослашади. Хусусан, ҳаракат, мувозанат, фазовий йўналиш ва танани ҳис қилиш учун масъул бўлган мия қисмларида ўзгаришлар рўй беради. Бу эса инсон мияси гравитацияни доимий ташқи сигнал сифатида қабул қилиши ва унга таяниб ишлашини кўрсатади.
Профессор Элиза Рафаэлла Ферренинг таъкидлашича, инсон ҳатто бир финжон қаҳвани кўтаришда ҳам мия автоматик тарзда Ер гравитациясини ҳисобга олади. Космосда эса бу механизм қайта «созланиши» керак бўлади.
Бу мослашув астронавтлар учун зарур ҳисобланса-да, у вақт талаб қилади. Олимлар буни «Апполон» дастури иштирокчилари мисолида ҳам кузатган. Ой юзасида юриш пайтида уларнинг ҳаракатлари ноқулай ва беқарор бўлган. Бунинг сабаби нафақат оғир скафандрлар, балки миянинг янги гравитация муҳитига ҳали тўлиқ мослашмаганида эди.

Келажакда Ой ва Марсга узоқ муддатли экспедициялар амалга оширилганда бу масала янада долзарб аҳамият касб этади. Масалан, Марсга саккиз ойлик парвоздан кейин астронавтлар вазнсизликка тўлиқ мослашган бўлади. Шундай шароитда Марснинг Ерникидан уч баравар кам гравитациясига ўтиш ҳам жиддий қийинчиликлар туғдириши мумкин. Бу эса қўниш, ҳаракатланиш ва муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас.
Олимлар бу муаммони ҳал қилиш учун сунъий гравитация яратадиган айланувчи космик кемалар ёки марказдан қочма куч ҳосил қилувчи тизимларни энг яхши ечим деб ҳисоблайди. Бироқ бундай технологияларни амалга ошириш жуда қимматга тушади.
Шу билан бирга, профессор Ферре миянинг гравитацияни ҳис қилувчи қисмларини кучсиз электр импульслари орқали рағбатлантириш бўйича янги усулларни ҳам ишлаб чиқмоқда. Олимлар ишонч билдиришича, келажакда бу каби технологиялар инсоннинг космосда янги муҳитга тезроқ мослашишига ёрдам беради.
Мутахассислар таъкидлашича, космосга парвоз қилиш нафақат инсоният олдидаги энг катта илмий синовлардан бири, балки инсон мияси қандай ишлаши ва ташқи муҳитга қандай мослашишини чуқурроқ ўрганиш учун ҳам беқиёс имконият ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…