Парвоз вақтида ойна синиб: йўловчи ташқарига чиқиб кетди

Парвоз вақтида ойна синиб: йўловчи ташқарига чиқиб кетди

Грециядан Германияга йўл олган Ryanair авиакомпанияси самолётида хавфли ҳодиса содир бўлди. Парвоз бошланганидан кўп ўтмай самолёт ойнаси шикастланиб, салондаги босим кескин пасайган. Бунинг оқибатида бир йўловчи қисман самолёт ташқарисига тортилиб кетган.

Маълум қилинишича, воқеа 10 июль куни Салоники шаҳридан Германиянинг Мемминген аэропортига парвоз қилаётган Boeing 737 самолётида юз берган. Ҳодиса ортидан экипаж зудлик билан самолётни орқага буриб, Салоники аэропортига фавқулодда қўндиришга қарор қилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, жароҳатланган йўловчи Сербия фуқароси бўлган. У зудлик билан Салоникидаги AHEPA университет шифохонасига етказилган. Расмийлар унинг ҳаётига хавф йўқлигини, шифокорлар жароҳатлар даражасини баҳолаётганини маълум қилди.

Сербия оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотга кўра, босим пасайиши вақтида йўловчининг боши ва елкалари самолёт ташқарисига чиқиб кетган. Салондаги бошқа йўловчилар уни ушлаб қолиб, самолёт ичига тортиб киритишга муваффақ бўлган.

Ryanair ҳодиса сабабли самолёт Салоникига хавфсиз қўнганини, барча йўловчилар аэропорт терминалига қайтарилганини маълум қилди. Компания ойна қандай шароитда шикастланганига ҳозирча аниқ изоҳ бермаган.

Айни пайтда Boeing компанияси ва АҚШ Федерал авиация маъмурияти (FAA) ҳодиса юзасидан олиб борилаётган текширувда иштирок этмоқда.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, парвоз бошида двигатель қисмидаги деталлардан бири узилиб чиқиб, самолёт ойнасига теккан бўлиши мумкин. Бу эса салонда босимнинг кескин пасайишига сабаб бўлган.

Эслатиб ўтиш жоиз, 2018 йилда ҳам Boeing 737 NG самолётида шунга ўхшаш фожиали ҳодиса содир бўлган эди. Ўшанда шикастланган ойна туфайли бир йўловчи самолёт ташқарисига тортилиб кетиб, ҳалок бўлган. Мазкур воқеадан кейин авиация хавфсизлиги талаблари янада кучайтирилган эди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар