Зеленский Россияга қарши янги ҳарбий қўмондонлик тузди

Украина Президенти Владимир Зеленский Россия ҳудудидаги стратегик нишонларга зарба беришга ихтисослашган янги ҳарбий қўмондонлик ташкил этилганини маълум қилди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Президентнинг айтишича, у 10 июль куни "узоқ масофали таъсир" қўмондонлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган. Янги тузилма Россиянинг уруш олиб бориш салоҳиятини пасайтириш, хусусан, энергетика ва логистика инфратузилмасига қарши операцияларни мувофиқлаштириш билан шуғулланади.
Мазкур баёнот Украина ҳарбийлари Россиянинг Краснодар ўлкаси, Ленинград вилояти ва Ростов вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда ёнилғи инфратузилмасига зарбалар берилганини маълум қилганидан сўнг янгради.
Украина дрон кучлари қўмондони Роберт Бровдининг билдиришича, сўнгги кунларда Россиянинг 50 та ёнилғи ташувчи кемаларига зарар етказилган.
Бунга жавобан Россия Дон–Азов канали орқали кемалар ҳаракатини вақтинча тўхтатгани, шунингдек, Керч бўғози орқали ўтиш учун янги аризаларни қабул қилишни ҳам вақтинча бекор қилгани айтилмоқда.






























Изоҳлар 0
…