Бодрумда ресторан ичида 28 ёшли эркак отиб ўлдирилди

Туркиянинг Муғла вилоятига қарашли машҳур Бодрум туманида жорий йилнинг 13 июлга ўтар кечаси содир бўлган қуролли ҳужум бир инсоннинг ҳаётига зомин бўлди. Ресторанда юз берган отишма оқибатида 28 ёшли Муҳаммер Билик ҳалок бўлган. Бу ҳақда Cumhuriyet нашри хабар тарқатди.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, ҳодиса Битез соҳилида жойлашган ресторанлардан бирида маҳаллий вақт билан тахминан соат 00:30 атрофида содир бўлган. Муҳаммер Билик уч нафар таниши билан бирга овқатланаётган вақтда ҳожатхонага чиққан. У яна столига қайтиб келаётганида номаълум шахс унинг ортидан яқин масофадан бир неча марта ўқ узган.
Қайд этилишича, қуролли ҳужумни содир этган шахс воқеадан сўнг зудлик билан ресторан ҳудудини тарк этган. У яқин атрофдаги кўчада кутиб турган мотоциклга ўтириб, шериги билан бирга ҳодиса жойидан қочиб кетган.
Отишма овозлари ресторандаги бошқа мижозлар орасида саросима келтириб чиқарган. Ваҳимага тушган одамлар хавфсиз жойга чиқиш учун ресторанни тарк этган. Шундан сўнг воқеа ҳақида тезкор равишда полиция ва тиббий ёрдам хизматларига хабар берилган.
Ҳодиса жойига етиб келган шифокорлар Муҳаммер Билик олган ўқ жароҳатлари сабаб воқеа жойининг ўзида вафот этганини тасдиқлаган. Кейин ҳудуд полиция томонидан тўлиқ ўраб олиниб, жиноят изларини йиғиш ишлари бошланган. Бодрум прокуратураси мазкур қотиллик юзасидан расмий тергов ҳаракатларини бошлаган.
Дастлабки суриштирув натижаларига кўра, қуролли ҳужумни амалга оширган гумондор воқеадан аввал Битез соҳилидаги бир нечта ресторан ва кўнгилочар муассасаларга кириб, Муҳаммер Биликни излаган. Бу эса ҳужум олдиндан режалаштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни кучайтирмоқда.
Айни вақтда полиция гумондорнинг шахсини аниқлаш ва уни қўлга олиш бўйича кенг кўламли қидирув тадбирларини давом эттирмоқда. Тергов манфаатларидан келиб чиқиб, ҳозирча ҳодисанинг эҳтимолий сабаблари юзасидан қўшимча маълумот берилмаган.






























Изоҳлар 0
…