Россияда ёнилғи навбатида қурол ишлатилди, бир киши яраланди

Россиянинг Челябинск шаҳрида ёнилғи қуйиш шохобчасида навбат талаши қонли можарога айланди. Ҳодиса оқибатида бир киши ўқ еб, шифохонага олиб кетилди.
Маълум қилинишича, воқеа Луценко кўчасида жойлашган ёнилғи қуйиш шохобчасида содир бўлган. Дастлаб ҳайдовчилардан бири навбатни бузиб, автомобилга бензин қуйдиришга уринган. Бу эса бошқа мижозларнинг эътирозига сабаб бўлган.
Гувоҳларнинг айтишича, баҳс қисқа вақт ичида жанжалга айланиб, ҳайдовчилардан бири травматик қуролдан ўқ узган. Натижада навбатда турган эркак қорин қисмига жароҳат олган.
«Навбатга амал қилишини сўрадик, аммо у рози бўлмади. Машиналарда болалар ҳам бор эди. Ўқ бошқаларга ҳам тегиши мумкин эди», дея воқеа гувоҳларидан бири ҳолатга изоҳ берган.
Жабрланувчи зудлик билан шифохонага етказилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эса воқеа жойидан қочишга уринган 26 ёшли гумонланувчини қўлга олган. Унга нисбатан тан жароҳати етказиш моддаси бўйича жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фон сифатида таъкидланишича, Россияда сўнгги ойларда ёнилғи таъминоти билан боғлиқ муаммолар кучайган. Украина дронлари ҳужумлари ортидан нефть инфратузилмасига етказилган зарар туфайли айрим ҳудудларда бензин тақчиллиги кузатилмоқда. Шу боис мамлакат бензин импортини ошириш ва ички бозордаги тақчилликни бартараф этиш чораларини кўрмоқда.






























Изоҳлар 0
…