Ҳиндистонда тимсоҳ 12 ёшли болага ҳужум қилди

Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида рўй берган фожиали ҳодиса маҳаллий аҳолини ларзага солди. 16 июль куни Баҳрайч туманида 12 ёшли бола дарё бўйида тимсоҳ ҳужумига учраб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда The Times of India нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, олтинчи синф ўқувчиси амакиси билан шоли даласида ишлагач, уйига қайтаётиб дарё бўйида қўл-оёқларини юваётган пайтда тимсоҳ унга ташланган. Йиртқич боланинг оёғидан тишлаб, уни сувга судраб кетган.
Воқеадан сўнг маҳаллий аҳоли ва қутқарувчилар қидирув ишларини бошлаган. Тахминан беш соат давом этган қидирувдан кейин боланинг жасади дарёдан топилган.
Ўрмон хўжалиги мутахассислари тимсоҳ жасадга қисман шикаст етказганини маълум қилган. Шунингдек, маҳаллий полиция ҳодиса юзасидан суриштирув олиб бораётганини ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалган воқеа акс этган видеонинг ҳақиқийлигини тасдиқлаган.






























Изоҳлар 0
…