Олимлар инсон умрининг энг юқори чегарасини ҳисоблаб чиқди

Инсон қаришининг асосий сабаблари бартараф этилса ҳам, одам минглаб йиллар яшай олмайди. Сколково фан ва технологиялар институти олимлари олиб борган янги тадқиқотга кўра, бунга ҳужайралари деярли янгиланмайдиган аъзолар, аввало бош мия ва юрак асосий тўсиқ бўлади.
Тадқиқотчилар инсоннинг максимал назарий умрини баҳолаш учун соматик мутациялар — туғилгандан кейин ҳужайраларда ДНК нусхаланиши жараёнида тўпланиб борадиган ўзгаришларни таҳлил қилди. Ҳисоб-китоблар Швейцариянинг 30 ёшли соғлом аҳолиси ўртасидаги ўлим кўрсаткичлари асосида тузилган модел орқали амалга оширилди.
Натижаларга кўра, агар қариш билан боғлиқ омиллар умуман бўлмаганида, инсоннинг ўртача умр давомийлиги 1 759 йил, максимал умри эса 29 минг йилдан ошиши мумкин эди. Бироқ соматик мутациялар ҳисобга олинганда бу кўрсаткич кескин пасаяди.
Олимлар аниқлашича, соматик мутациялар энг кўп ҳужайралари қайта тикланмайдиган бош мия нейронлари ва юрак мушаги ҳужайраларига таъсир қилади. Шу сабабли, ҳатто қаришнинг бошқа сабаблари бартараф этилган тақдирда ҳам, инсоннинг назарий ўртача умри тахминан 156 йил, максимал умри эса 470 йил атрофида бўлиши мумкин.
Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, амалда одамлар бу ёшга ҳам етиб бормайди. Чунки қариш фақат соматик мутациялар эмас, балки оқсиллар мувозанатининг бузилиши, митохондриялар фаолиятидаги носозликлар ва эпигенетик ўзгаришлар каби бир нечта биологик механизмлар таъсирида юзага келади.
Олимлар ҳисоб-китобларига кўра, келажакда қаришнинг асосий сабаблари бартараф этилса ҳам, инсоннинг реал ўртача умр давомийлиги 146–194 йил атрофида бўлиши мумкин. Улар фикрича, умрни янада узайтириш учун энг аввало асаб тўқимаси ва бош мияни тиклаш технологияларини ривожлантириш талаб этилади.






























Изоҳлар 0
…