Эстонияда юзлаб компаниялар қуламоқда: миллионлаб евро йўқотилди

Эстонияда бизнес ва аҳоли ўртасида тўловга қобилиятсизлик, яъни банкротлик ҳолатлари сўнгги йилларда кескин ошиб бормоқда. Бу ҳақда мамлакат Тўловга қобилиятсизлик хизмати раҳбари Сигне Виимсалу бош вазир Кристен Миҳалга йўллаган расмий хатида маълум қилди.
Виимсалунинг таъкидлашича, банкротлик ҳолатларининг кенг кўламда ортиши нафақат иқтисодиёт, балки ижтимоий барқарорлик ва давлат институтлари фаолиятига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Унинг фикрича, бу жараён мамлакатнинг ички хавфсизлиги учун ҳам хавф туғдиради.
Маълумотларга кўра, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида мол-мулки мавжуд бўлмаган 126 та банкрот компания сабабли кредиторлар 50 миллион евродан ортиқ маблағини қайтариб ололмаган. Таqqослаш учун, 2025 йил давомида бундай компаниялар сони 192 тани ташкил этган бўлиб, улар етказган молиявий зарар қарийб 74 миллион еврога етган. Бу эса ундан аввалги йилга нисбатан 52 фоизга юқори кўрсаткичдир.
Айни пайтда ҳар бир мол-мулксиз банкрот компаниянинг ўртача тўланмаган қарзи 400 минг еврога етган. Уч йил аввал бу рақам 100 минг евродан кам бўлган. Мутахассислар қайд этишича, кўплаб ҳолатларда кредиторлар ўз маблағларини умуман қайтариб ололмаяпти.
Банкротлик оқибатлари давлат бюджетига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, 2025 йилда Ишсизликдан суғурталаш жамғармаси мол-мулки бўлмаган компаниялар ходимларига 1 миллион евродан ортиқ компенсация тўлаб берган. Бироқ амалдаги қонунчилик ушбу маблағни компания раҳбарларидан ундириш имконини бермайди.
Тўловга қобилиятсизлик хизмати ҳисоб-китобларига кўра, Эстония бизнес секторида яширин банкротлик ҳажми тахминан 18 миллиард еврога етган. Сигне Виимсалунинг огоҳлантиришича, бу ҳолат ижтимоий тенгсизлик ва жиноятчиликнинг кучайиши, муҳим корхоналар ишининг издан чиқиши, молия тизими барқарорлигининг сусайиши, ташқи таъсирлар хавфининг ортиши ҳамда давлат институтларига бўлган ишончнинг пасайишига сабаб бўлиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…