36 ҳафталик чақалоқ ўлимида айбланган аёл нега оқланди?

Жанубий Кореяда катта муҳокамаларга сабаб бўлган суд иши бўйича кутилмаган қарор қабул қилинди. 36 ҳафталик ҳомиладорлигини тугатгани ортидан чақалоғини ўлдирганликда айбланган 20 ёшли аёл апелляция суди қарори билан оқланди.
Маълум бўлишича, мазкур аёл 2024 йилда YouTube орқали ҳомиладорлигини саккиз ойлигида тугатгани ҳақида видео эълон қилган. Бу ҳолат жамоатчиликда кескин муҳокамаларга сабаб бўлиб, Жанубий Корея Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан расмий текширув бошланган.
Тергов жараёнида прокурорлар чақалоқ кесарча кесиш амалиёти орқали тирик туғилгани, кейин эса музлатгичга жойланиб вафот этганини маълум қилган. Шу асосда биринчи инстанция суди аёлга уч йиллик шартли жазо тайинлаган. Шунингдек, операцияни ўтказган жарроҳ тўрт йилга, хусусий шифохона раҳбари эса олти йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Бироқ апелляция инстанцияси ишни қайта кўриб чиқиб, аёлни айбсиз деб топди. Ҳимоя томонининг билдиришича, воситачи унга чақалоқ ўлик туғилишини айтган ва у содир бўлган воқеаларнинг асл тафсилотларидан бехабар бўлган.
Шу билан бирга, суд тиббиёт ходимларига нисбатан тайинланган жазоларни ҳам енгиллаштирди. Жарроҳнинг жазоси 2,5 йилга, шифохона директорининг жазоси эса тўрт йилга қисқартирилди. Икки тиббиёт ходими чақалоқнинг ўлими билан боғлиқ ҳаракатларда иштирок этганини тан олган.
Маълумотларга кўра, аёл ҳомиладорлигини фақат еттинчи ойда билган. Унинг таъкидлашича, доимий даромадга эга эмаслиги, шунингдек, ҳомиладорлик даврида спиртли ичимлик истеъмол қилгани ва чеккани сабабли ҳомилани олдиришга қарор қилган. Бу воқеа Жанубий Кореяда кеч муддатли абортлар ва тиббий масъулият масаласини яна бир бор долзарб мавзулар қаторига олиб чиқди.






























Изоҳлар 0
…