«Ниқоб» фильми билан Жим Керрини машҳур қилган режиссёр вафот этди

АҚШлик машҳур режиссёр Чак Рассел 74 ёшида вафот этди. У “Ниқоб” (“The Mask”), “The Blob” ва “Элм кўчасидаги даҳшатли туш 3: Орзу жангчилари” (“A Nightmare on Elm Street 3: Dream Warriors”) фильмлари билан кенг танилган эди. Бу ҳақда унинг оиласи маълум қилди.
Маълум қилинишича, Рассел 22 июль куни Калифорния штатидаги Сан-Диего шаҳридаги уйида ҳушсиз ҳолда топилган. Унинг вафот этганини адвокати тасдиқлади, аммо ўлим сабаби ҳозирча очиқланмаган.
Режиссёр 1994 йилда экранга чиққан “Ниқоб” фильми орқали Жим Керрининг Голливуддаги юлдузлик мақомини мустаҳкамлади, шунингдек, Кэмерон Диаснинг катта кинодаги дебютига йўл очди. Кейинчалик у “Чаён қироли” (“The Scorpion King”) фильмини ҳам суратга олди. Ушбу картинада Дуэйн “The Rock” Жонсон илк бор бош қаҳрамон сифатида иштирок этди.
Чак Рассел фаолиятини 1981 йилда “Hell Night” фильмида ижрочи продюсер сифатида бошлаган. Унинг режиссёрликдаги дебюти “A Nightmare on Elm Street 3: Dream Warriors” фильми билан бошланди. Кейинчалик у “The Blob”, “Eraser”, “Bless the Child” ва “Witchboard” каби фильмларга ҳам режиссёрлик қилди.
Рассел 2024 йилда берган интервьюсида “Ниқоб” дастлаб қўрқинчли фильм сифатида режалаштирилганини, аммо ўз таклифи билан комедия жанри танланганини айтган эди. Натижада 18 миллион доллар бюджетда ишланган фильм жаҳон бўйлаб 350 миллион доллардан ортиқ даромад келтириб, Голливуднинг энг муваффақиятли комедияларидан бирига айланган.






























Изоҳлар 0
…