Туркияда 42 йўловчили автобус ағдарилиб кетди

Туркиянинг Қириққалъа вилоятида йўловчи автобуси иштирокида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳалокат оқибатида автобусда бўлган 42 кишидан 40 нафари турли даражада жароҳат олди.
Маълум қилинишича, воқеа 25 июль куни тунги вақтда Қириққалъа – Самсун автомобиль йўлининг Кимески маҳалласи ҳудудида юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчи номаълум сабабларга кўра транспорт воситаси бошқарувини йўқотган. Оқибатда автобус йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилиб кетган.
Ҳодиса вақтида автобусда 42 нафар йўловчи, шу жумладан, транспорт компаниясининг уч нафар ходими бўлган. ЙТҲ натижасида 40 киши тан жароҳати олган.
Фавқулодда ҳодиса ҳақида хабар келиб тушгач, воқеа жойига тез тиббий ёрдам, полиция ҳамда қутқарув хизматлари жалб этилди. Жароҳатланганлар шифохоналарга олиб борилиб, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, жабрланганлар орасида хориж фуқаролари йўқ. Ҳозирда ҳалокатнинг аниқ сабаблари юзасидан тегишли идоралар томонидан текширув ишлари олиб борилмоқда.






























Изоҳлар 0
…