Тунги оммавий ҳужум: Россиянинг 16 регионига 800 дан ортиқ дрон учирилди

16 августга ўтар кечаси Россиянинг 16 та региони ва Қрим ҳудудида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари жами 822 та дронни тўхтатди. Ростов вилоятида 150 дан ортиқ дрон ва ракета уриб туширилди, бироқ 5 киши ҳалок бўлди, Москва йўналишида эса 600 та дрон учирилиб, шундан 201 таси уриб туширилди. Ҳужумлар оқибатида Подолскдаги 250 минг кв. метрлик Wildberries омбори ёниб кетди, Домодедоводаги 56 минг кв. метрлик фармацевтика омбори тўлиқ вайрон бўлди.
16 августга ўтар кечаси Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршиликда энг йирик ва шиддатли дрон ҳамда ракета ҳужумларидан бири қайд этилди. Иккала томон ҳам бир вақтнинг ўзида муҳим ҳарбий-саноат корхоналари, логистика марказлари ва энергетика объектларига оммавий зарбалар берди.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатнинг 16 та региони ва Қрим ҳудуди бўйлаб ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари жами 822 та дронни тўхтатишга муваффақ бўлган.
Ростовдаги ҳарбий комбинат ва Москва вилоятидаги йирик ёнғинлар
Россия ҳудудида энг оғир зарбалар Москва ва Ростов вилоятларига тўғри келди:
Ростов вилоятидаги талафот: Регион раҳбари Юрий Слюсар 150 дан ортиқ дрон ва ракеталар уриб туширилганини, бироқ ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Украина Қуролли кучлари Бош штаби Каменск-Шахтинский шаҳрида «Ураган», «Смерч» ва «Торнадо-С» тизимлари учун қаттиқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи «Каменский» комбинати нишонга олинганини тасдиқлади;
Москва йўналишига 600 та дрон: Пойтахт мэри Сергей Собяниннинг хабар беришича, вилоят йўналишида 600 та дрон учирилган, шундан 201 таси уриб туширилган. Москва вилоятида бир нафар 83 ёшли эркак ҳалок бўлган, камида уч киши яраланган, МКАД ҳудудида ҳам уч киши жароҳат олган;
Wildberries’нинг энг йирик омбори ёниб кетди: Подольскдаги «Коледино» саноат паркида жойлашган 250 минг кв. метрлик марказий логистика омбори дрон келиб урилиши ортидан ёниб кетди. Бу мазкур мажмуага уюштирилган иккинчи ҳужум бўлиб, компания логистик занжирларини шошилинч қайта тузишга мажбур бўлди. Шунингдек, Подольскдаги 110 та хусусий уй электрсиз қолди;
Домодедоводаги дори-дармон омбори: Ҳужум натижасида Домодедово шаҳридаги 56 минг кв. метрлик йирик фармацевтика омбори тўлиқ вайрон бўлди.
Украина шаҳарларига зарбалар: 30 йиллик китоб бозори ва «АрселорМиттал» комбинати
Россия Қуролли кучлари ҳам тун давомида Украинанинг Киев, Днепропетровск ва Полтава вилоятларига зарбдор дронлар ва қанотли ракеталар билан жавоб зарбаларини йўллади:
Киевдаги «Почайна» бозори: Пойтахтда 1997 йилдан буён фаолият юритиб келган машҳур китоб ва савдо павилонлари, шунингдек, метро бекатига кириш жойи зарба остида қолиб, бутунлай ёниб кетди;
Кривий Риҳдаги йўқотишлар: «АрселорМиттал» кон-металлургия корхонасига уюштирилган ракета зарбаси оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, 14 киши жароҳатланди (11 нафари шифохонада). Ишлаб чиқариш жараёнлари қисман тўхтатилган;
Россия Мудофаа вазирлиги изоҳи: Россия томони Киевда «Фламинго» ракеталари ва зарбдор дронлар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи «Файер Поинт» корхонаси, Кривий Риҳдаги металлургия цехлари ҳамда Кременчуг нефтни қайта ишлаш заводи нишонга олинганини билдирди.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…