Россия чегараларида биометрик назорат кучайтирилди: 70 минг киши киритилмади

Россия чегараларида биометрик назорат кучайтирилди: 70 минг киши киритилмади
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Россияда хорижликларнинг биометрик маълумотларини йиғиш бошланганидан буён 70 мингга яқин хориж фуқаросининг мамлакатга киришига рухсат берилмаган.
  • Шу даврда чегара назоратидан ўтиш жараёнида жами 14 миллион киши биометрик маълумотларини топширган.
  • 2024 йил 1 декабрдан қўлланилаётган тизимда хорижликларнинг фотосурати ва бармоқ излари олиниб, электрон тизимда текширилади.

Фото: Сергей Савостьянов

Россияда хорижликларнинг биометрик маълумотларини йиғиш бўйича тажриба бошланганидан буён 70 мингга яқин хориж фуқаросининг мамлакатга киришига рухсат берилмаган.

Россия ИИВ маълумотларига кўра, шу давр мобайнида чегара назоратидан ўтиш жараёнида жами 14 миллион киши биометрик маълумотларини топширган.

Россияга киришда икки турдаги маълумот олинади

Мазкур амалиёт 2024 йил 1 декабрдан бошлаб қўлланилаётган бўлиб, хорижликлар мамлакатга кириш вақтида икки асосий биометрик параметр бўйича идентификация қилинади:

  • шахснинг фотосурати;

  • бармоқ излари.

Маълумотлар чегара назорати пунктларида олинади ва электрон тизимда текширилади.

«Тизим нафақат биометрик маълумотларни йиғишга, балки кириш тақиқланганидан сўнг мамлакатни тарк этиб, шахсий маълумотларини ўзгартирган ва Россияга қайта киришга уринганларни аниқлашга ҳам ёрдам беради», — дея маълум қилди Россия ИИВ матбуот хизмати.

Тизим қайси пунктларда ишлаяпти?

Тажрибанинг дастлабки босқичида Москвадаги Шереметьево, Домодедово ва Жуковский аэропортлари, шунингдек, Оренбург вилоятидаги Маштаково автомобиль назорат-ўтказиш пункти тизимга уланган.

2025 йил 1 майдан Внуково аэропорти ҳам рўйхатга қўшилди.

2026 йилда яна 11 та пункт қўшилди

2026 йил июнь ойида биометрик маълумотларни йиғиш тизими яна бир қатор ҳудудларда жорий этилди.

Жумладан, Санкт-Петербург, Новосибирск, Красноярск ва Екатеринбург шаҳарларида, шунингдек, Олтой ўлкаси ҳамда Иркутск, Курган, Новосибирск, Саратов, Оренбург ва Омск вилоятларидаги яна 11 та назорат-ўтказиш пункти ушбу тизим билан жиҳозланди.

Шу тариқа, Россия чегараларида хорижликларни идентификация қилиш жараёни босқичма-босқич рақамлаштирилиб, биометрик назорат қамрови кенгайтирилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар