Бишкекдан Тошкентга янги авиақатнов йўлга қўйилди

23 август куни Тошкент халқаро аэропортида Қирғизистоннинг Аэро Номад авиакомпанияси томонидан Бишкек–Тошкент–Бишкек йўналиши бўйича амалга оширилган биринчи мунтазам рейс кутиб олинди.
Аирбус A320 самолёти маҳаллий вақт билан соат 22:22 да қўнди. Янги ташувчи самолёти анъанага кўра сув аркаси билан қарши олинди. Йўловчиларга миллий таомлар таклиф қилинди.
Илк рейс билан Тошкентга 163 нафар йўловчи етиб келган. Қайтиш рейси учун эса 74 нафар йўловчи рўйхатдан ўтган.
Аэро Номад ушбу йўналишда ҳафтасига икки марта, пайшанба ва якшанба кунлари қатновларни амалга оширади. Рейслар Аирбус A320 самолётларида бажарилади.
Шу тариқа, Аэро Номад Тошкент–Бишкек йўналишида қатнайдиган учинчи авиакомпанияга айланди. Бу йўналишда Узбекистан Аирвайс ва Центрум Air ҳам тўғридан-тўғри рейсларни бажариб келмоқда.
Кейинги босқичда Аэро Номад Бишкекдан Самарқанд ва Урганч шаҳарларига ҳам рейсларни йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Авиакомпания 2021 йилда ташкил этилган ва Бишкек аэропортида базалашган.































Изоҳлар 0
…