Ozon’дан фавқулодда қарор: Маркетплейс инқирозли вазиятдан қандай чиқмоқда?

Россиянинг бир нечта ҳудудларидаги логистика объектлари ва йирик марказларда содир бўлган ёнғинлар ҳамда ҳужумлар ортидан Ozon раҳбарияти ўз ҳамкорлари ва сотувчиларини қўллаб-қувватлаш бўйича шошилинч инқирозга қарши чоралар пакетини эълон қилди.
Маркетплейс маъмурияти етказилган зарарни тўлиқ ҳисоблаб чиқиш мақсадида инвентаризация ишларини бошлади ва суғуртаси мавжуд бўлган барча сотувчиларга нобуд бўлган товарлар қиймати қоплаб берилишини расман маълум қилди.
Селлерларга бериладиган енгилликлар: 22 сентябргача жарималар йўқ
Маркетплейс раҳбарияти тадбиркорлар ва сотувчилар молиявий қийинчиликларга дуч келмаслиги учун қуйидаги қарорларни қабул қилди:
Тўлиқ компенсация ва сақлаш тўловларининг бекор бўлиши: Фавқулодда ҳодиса рўй берган вақтдан бошлаб шикастланган майдонларда қолган маҳсулотлар учун сақлаш тўлови ундирилмайди;
Жарималар ва санкциялар бекор қилинди: Сотувчилар айби билан буюртмалар бекор қилинганда ёки маҳсулотни жўнатиш кечиктирилганда қўлланадиган барча жарималар 22 сентябргача тўлиқ тўхтатилди;
38 та ҳудудда пост-тўлов вақтинча тўхтатилди: Товарларнинг оммавий равишда қайтарилишини (возврат) камайтириш мақсадида 38 та субъектда шикастланган омбор маҳсулотларига буюртма олишда кейин тўлаш тизимига чеклов қўйилди;
Комиссиялар пасайтирилди: 30 августдан эътиборан омборларда товар сақлаш бўйича хизмат ҳақи 3 фоиз пунктга камайтирилади;
Ташиш харажатлари компания ҳисобидан: Фаолияти вақтинча тўхтатилган омборлардан товарларни бошқа хавфсиз марказларга кўчириш харажатларини Ozon тўлиқ ўз зиммасига олади.
6 та шаҳардаги ёнғинлар ва биржадаги вазият
Фавқулодда воқеалар хронологияси ва бозордаги реакция:
Кенг кўламли шикастланиш: 22 август куни Самаранинг Чапаевск шаҳридаги объектлардан бошланган ёнғинлар Оренбург, Адигей, Невинномысск, Краснодар ва Махачқалъадаги майдонларга тарқалган. Мутахассисларнинг дастлабки баҳосига кўра, шикастланишлар маркетплейс омбор фондининг 15–19 фоизига таъсир қилган;
Эвакуация ва хавфсизлик: Объектлардаги барча ходимлар ва ишчилар тезкорлик билан хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган;
Биржадаги тебраниш: «Lenta.ru» нашри хабарига кўра, воқеалардан сўнг Москва биржасида Ozon акциялари 26 фоизгача пасайиб, 2 140 рублни ташкил этди. Бироқ компаниянинг инқирозга қарши тезкор баёнотлари ва чоралари натижасида 25 августга келиб қимматли қоғозлар нархи яна 3,54% га кўтарилди.
Компания матбуот хизматининг таъкидлашича, логистика марказларидаги вазиятга қарамай, мижозларга буюртмаларни етказиб беришнинг асосий муддатлари назорат остида ушлаб турилибди.































Изоҳлар 0
…