Россияда 555 метрлик ноодатий осмонўпар бино қурилиши маъқулланди

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида баландлиги 555 метр бўлган “Лахта Сентр – 3” осмонўпар биноси қурилиши режалаштирилмоқда. 22 сентябрь куни Россия Бош давлат экспертизаси бинонинг лойиҳа ҳужжатларига ижобий хулоса берди. Тегишли маълумот Лойиҳа ҳужжатлари экспертизаси хулосаларининг ягона давлат реестрига киритилган. Бу ҳақда Новости недвижимости Москвы и России хабар берди.
Осмонўпар бино Санкт-Петербургнинг Приморский туманидаги Лахта ҳудудида, амалдаги “Лахта Сентр” биносининг ғарбий томонида қурилиши кўзда тутилган. Лойиҳанинг қурувчиси “Синергия”, техник буюртмачиси эса “Ренконс” компанияси ҳисобланади.
Лойиҳа бўйича бино 116 та ер усти ва учта ер ости қаватидан иборат бўлади. Унинг меъморий кўриниши марказий атриумлар атрофида юқорига қараб торайиб борувчи, бир-бирига ўралган иккита спиралсимон конструкциядан ташкил топади. Улар юқори қисмида умумий ҳажмга бирлашади.
Бинонинг 43-, 70- ва 88-қаватларида “қишки боғлар” ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу ҳудудларда кўкаламзорлаштирилган дам олиш жойлари, музокара хоналари ва кафетерийлар бўлади.
Биринчи ва 100-қаватларда ноозиқ-овқат маҳсулотлари дўконлари, минимаркет, дорихона киоски, совға-салом ва китоб савдоси учун жойлар кўзда тутилган. 100- ва 103-қаватларда эса кўргазма майдони ҳамда кузатув майдончалари ташкил этилади.
Маълумотларга кўра, осмонўпар бинолар қурилишини 2026 йил охирига қадар бошлаш, 2033 йилда якунлаш режалаштирилган. Бироқ ички безак ишлари яна бир неча йил давом этиши мумкин. Ҳужжатларда янги бизнес кластерига кўчиб кириш 2042 йилдан кейин режалаштирилгани қайд этилган.






























Изоҳлар 0
…