Мессининг Аргентина терма жамоасидаги хайрлашув ўйини чипталари 90 дақиқа ичида сотилди

Лионель Мессининг Аргентина терма жамоасидаги хайрлашув ўйини учун чипталар икки соатга етмай сотилиб кетди. Бу ҳақда Аргентина ОАВлари хабар берди.
Аргентина 6 октябрь куни Буэнос-Айресдаги «Монументал» стадионида Бенин терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Мазкур баҳс Месси учун Аргентина терма жамоаси сафидаги сўнгги ўйин бўлиши кутилмоқда. Аргентина футбол ассоциацияси президенти Клаудио Тапия ҳам учрашувни Месси учун хайрлашув ўйини сифатида тақдим этган.
Чипталар савдоси 24 сентябрь куни бошланган. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, барча мавжуд ўринлар тахминан 90 дақиқа ичида сотилган. Савдо бошланганидан кўп ўтмай, чипта платформасида юқори юклама кузатилган.
«Монументал» стадиони қарийб 85 минг томошабинни сиғдира олади. Бироқ сотувга чиқарилган чипталар сони турли манбаларда 80 минг атрофида экани кўрсатилган.
39 ёшли Месси Аргентина терма жамоаси сафида 2005 йилда дебют қилган. У ҳозирга қадар 207 та учрашувда 125 та гол урган. 6 октябрь куни Бенинга қарши баҳс унинг миллий жамоа сафидаги 208-ўйини бўлиши кутилмоқда.
Месси август ойида Аргентина терма жамоасидаги халқаро фаолиятини якунлашга қарор қилганини маълум қилган эди. Шундан сўнг Аргентина футбол ассоциацияси уни хайрлашув учрашувида иштирок этиш учун таркибга чақирди.






























Изоҳлар 0
…