Машҳур эронлик хонандага 74 дарра жазоси тасдиқланди

Машҳур эронлик хонандага 74 дарра жазоси тасдиқланди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Эрон апелляция суди машҳур хонанда Парасту Аҳмади ва унинг саккиз нафар гуруҳ аъзосига нисбатан тайинланган 74 дарра жазоси ҳамда икки йил давомида мамлакатдан чиқиш ва бадиий фаолият билан шуғулланишни чеклаш ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.
  • Бу ҳукм 2024 йил декабр ойида интернет орқали намойиш этилган, унда 29 ёшли Парасту Аҳмади ҳижобсиз ҳолда қўшиқ куйлаган.
  • Эрон ҳукумати ушбу консертни мамлакатнинг "қонуний ва маданий меъёрлари"га зид деб баҳолаган.

Эрон апелляция суди машҳур хонанда Парасту Аҳмади ҳамда унинг гуруҳига нисбатан тайинланган 74 дарра жазосини ўзгаришсиз қолдирди. Шу тариқа, хонанда ва унинг жамоасидаги яна саккиз нафар аъзо бўйича чиқарилган суд ҳукми якуний кучга кирди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Қайд этилишича, Қум шаҳридаги апелляция суди Аҳмади ва унинг жамоаси адвокатлари томонидан берилган шикоятни рад этган. Суд ҳукми жорий йил июнь ойида чиқарилган бўлиб, унга кўра хонанда ва унинг гуруҳи аъзолари 74 дарра уриш, икки йил давомида мамлакатдан чиқишни тақиқлаш ҳамда шу муддат ичида бадиий фаолият билан шуғулланишни чеклаш жазоларига ҳукм қилинган.

Мазкур иш 2024 йил декабрь ойида интернет орқали намойиш этилган концерт билан боғлиқ. Унда 29 ёшли Парасту Аҳмади ҳижобсиз ҳолда яккахон қўшиқ куйлаган. Унинг чиқиши YouTube платформасида тарқатилиб, қисқа вақт ичида миллионлаб марта томоша қилинган. Эрон ҳукумати эса ушбу концертни мамлакатнинг «қонуний ва маданий меъёрлари»га зид деб баҳолаган.

Гап 2024 йил 11 декабрь куни интернетга жойланган «Карвонсарой концерти» ҳақида бормоқда. Парасту Аҳмади тарихий Дейр-Гачин карвонсаройида тасвирга олинган 27 дақиқалик видеода узун қора кўйлакда, бошига ҳижоб ўрамаган ҳолда бир нечта қўшиқни ижро этган. Унинг ёнида эса тўрт нафар эркак мусиқачи ҳам бўлган.

Эрон қонунчилигида аёлларнинг жамоат жойларида ҳижобсиз юриши тақиқланган. Шунингдек, мамлакатда аёлларнинг эркаклар иштирокидаги жамоат концертларида яккахон тарзда қўшиқ куйлашига ҳам чекловлар мавжуд. Аҳмади ва унинг жамоаси айнан шу талабларни бузганликда айбланган.

Хонанда ва унинг жамоаси адвокатлари апелляция инстанциясидан аввалги қарорни қайта кўриб чиқишни сўраган. Бироқ суд ҳимоя томони келтирган далил ва важларни етарли деб топмаган ҳамда алоҳида суд мажлиси ўтказмасдан, аввалги ҳукмни ўз кучида қолдирган.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари хонанда ва унинг жамоасига нисбатан белгиланган 74 дарра жазосини кескин қоралади. Ҳуқуқ фаоллари бундай жазони инсон қадр-қимматини камситувчи ҳамда қийноқнинг бир шакли сифатида баҳолаган.

Аҳмади ишининг янги босқичи Эронда мажбурий ҳижоб талабларига риоя қилмаётган аёлларга нисбатан босим кучайиб бораётган даврга тўғри келмоқда. 2022 йилдаги оммавий норозиликлардан кейин мамлакатда кўплаб аёллар жамоат жойларида ҳижобсиз юришни давом эттирмоқда.

Шу билан бирга, Эрон суд тизими раҳбари Ғулом Ҳусайн Муҳсини Эжейи ҳам мажбурий ҳижобга қарши ҳаракатларга нисбатан янги чоралар кўрилишини талаб қилган.

Ҳозирча Парасту Аҳмади ва унинг жамоасига нисбатан тайинланган 74 дарра жазоси қачон ижро этилиши ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар