Манчестер Сити молиявий қоидабузарликларда айбдор деб топилди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Мустақил комиссия Манчестер Сити клубини 2009–2010 ва 2017–2018-йилги мавсумлар орасидаги тўққизта мавсум давомида молиявий қоидаларни жиддий равишда бузганликда айбдор деб топди.
- Клуб даромадларни сунъий равишда ошириш ва харажатларни қисқартириш мақсадида 900 миллион фунт стерлингдан ортиқ маблағни яширган ҳамда аудиторларни чалғитган.
- Манчестер Сити раҳбарияти барча айбловларни рад этиб, қарор юзасидан апелляция беришини маълум қилди.
Англия футболининг сўнгги йиллардаги энг йирик ва шов-шувли воқеаларидан бири ўз ечимига яқинлашмоқда. Саккиз йил давом этган суриштирувлардан сўнг, мустақил комиссия Манчестер Сити клубини молиявий қоидаларни жиддий равишда бузганликда айбдор деб топди. Премиер-лига баёнотига кўра, "шаҳарликлар" 2009–2010-йилги мавсумдан тортиб 2017–2018-йилги мавсумгача бўлган тўққизта мавсум давомида молиявий ҳисоботларни атайлаб сохталаштирган ва текширув органлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Даилй Маил нашри тарқатган маълумотларга кўра, мустақил комиссия хулосасида клуб даромадларни сунъий равишда ошириш ҳамда харажатларни қисқартириш мақсадида "сохта" шартномалардан фойдалангани аниқланган. Ушбу молиявий ҳийлалар орқали клуб 900 миллион фунт стерлингдан ортиқ маблағни яширгани ва аудиторларни чалғитгани таъкидланмоқда. Ушбу қатъий қарор инглиз футболида молиявий адолатни таъминлаш йўлидаги тарихий қадам сифатида баҳоланмоқда.
Клубнинг жавоби ва апелляция жараёни
Манчестер Сити раҳбарияти эса ўз навбатида барча айбловларни қатъиян рад этиб келмоқда ва ўзининг айбсизлигини таъкидламоқда. Клуб бош директори Ферран Сориано ушбу қарор юзасидан апелляция берилишини расман тасдиқлаган. Премиер-лига қоидаларига кўра, апелляция шикоятини киритиш учун қатъий муддатлар белгиланган бўлиб, ҳозирда клуб юристлари ушбу жараёнга жиддий тайёргарлик кўрмоқда.Тартиб-қоидаларга мувофиқ, апелляция бўйича судлов жараёни жуда қисқа муддатларда якунланиши лозим. Хусусан, тингловлар беш кундан ортиқ давом этмаслиги, дастлабки қарор чиққан кундан бошлаб ўн икки ҳафта ичида якунига етказилиши шарт. Шунингдек, гувоҳлар ва экспертларнинг баёнотлари ҳажми ҳам 30 саҳифа билан чекланган.
Келгусидаги оқибатлар ва ноаниқликлар
Янги комиссияни шакллантириш жараёни апелляциянинг биринчи синови бўлади. Ҳозирги комиссия раиси номзодларни томонларга имкон қадар тезроқ маълум қилиши керак, клуб эса ўз эътиозларини икки иш куни ичида тақдим этиши лозим. Ушбу ишнинг якуни нафақат Манчестер Сити клубининг келгуси мавсумлардаги тақдирига, балки бутун Европа футболидаги молиявий-ҳуқуқий тизимга жиддий таъсир кўрсатиши аниқ.Ҳозирча клубнинг келажаги, унга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган санкциялар ҳамда расмий компенсация масалалари очиқ қолмоқда. Мутахассислар ушбу иш футбол оламидаги энг узоқ давом этган ва энг кўп савол туғдираётган ҳуқуқий жараёнлардан бирига айланганини таъкидлашмоқда. Жамоа мухлислари эса ўз севимли клубининг бу оғир молиявий айбловлардан қандай чиқиб кетишини диққат билан кузатмоқда.






























Изоҳлар 0
…