Қозоғистонда 100 ёшдан ошган 300 нафар фуқаро бор: энг кекса аёл 116 ёшда

Қозоғистонда 100 ёш ва ундан катта бўлган 300 нафар фуқаро яшайди. Бу ҳақда Қозоғистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги маълумотларига таяниб, Zakon.kz хабар берди.
Мамлакатдаги энг кекса аёл Улытау вилоятида яшайди. У 2026 йилда 116 ёшини қарши олган.
Узоқ умр кўрувчилар сони бўйича биринчи ўринни мамлакатнинг энг йирик мегаполиси — Олмаота шаҳри эгаллаган. Бу ерда 100 ёш ва ундан катта 41 нафар фуқаро истиқомат қилади. Бу ҳақда 2026 йил 3 октябрь куни вазирлик маълум қилди.
Иккинчи ўринда Туркистон вилояти бўлиб, у ерда 100 ёшдан ошган 32 нафар киши яшайди. Олмаота вилояти эса 25 нафар узоқ умр кўрувчи билан учинчи ўринда.
Қозоғистондаги энг кекса уч нафар фуқаро қаторига Улытау вилоятидаги 116 ёшли, Павлодар вилоятидаги 114 ёшли ва Қостанай вилоятидаги 111 ёшли аҳоли вакиллари киради.
Статистик маълумотларга кўра, 2026 йил бошида Қозоғистонда 60 ёш ва ундан катта аҳоли сони 2 миллион 923 минг 472 нафарни ташкил этган. Бу мамлакат умумий аҳолисининг 14,2 фоизига тенг.






























Изоҳлар 0
…