83 киши, олти авлод ва битта хонадон: Ҳиндистондаги ғайриоддий оила

83 киши, олти авлод ва битта хонадон: Ҳиндистондаги ғайриоддий оила

Ҳиндистоннинг Андхра-Прадеш штатида яшовчи Нагаппа оиласи катта аҳил хонадони билан кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Олти авлод вакилларини бирлаштирган бу оилада жами 83 киши истиқомат қилади. Бу ҳақда Hindustan Times хабар берди.

Оила аъзолари бир-бирига туташ тўртта уйда яшаса-да, ўзларини ягона хонадон деб билади. Улар умумий ошхонадан фойдаланади, даромад ва харажатларни биргаликда бошқаради, кундалик юмушларни эса ўзаро тақсимлайди.

Бундай катта оилани боқишнинг ўзи катта меҳнат талаб қилади. Маълумотларга кўра, хонадондаги барча кишилар учун ҳар куни қарийб 50 килограмм гуруч пиширилади. Оила аъзолари уй ишлари ва қишлоқ хўжалиги юмушларини ҳам ўзаро бўлиб олишади.

Хонадоннинг даромади асосан деҳқончилик ҳамда автобус қатнови билан боғлиқ фаолиятдан келади. Оилада молиявий масалалар ҳам биргаликда ҳал қилинади, муҳим қарорлар эса ҳамжиҳатликда қабул қилинади.

Бугунги кунда кўплаб оилалар алоҳида яшашни афзал кўраётган бир пайтда, Нагаппа хонадони олти авлоднинг ўзаро ҳамкорлик ва бирдамликда яшаши билан ажралиб туради.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар