Жанубий Кореяда 3,5 метрлик акула каналдан чиқиб кета олмади (видео)

Жанубий Кореяда 3,5 метрлик акула каналдан чиқиб кета олмади (видео)

Жанубий Кореянинг Пусан шаҳридаги Шимолий порт ҳудудида 3,5 метрлик акула ғайриоддий вазиятга тушиб қолди. У 18 сентябрь куни порт яқинидаги сунъий каналга кириб кетган ва бир неча бор очиқ денгизга чиқишга уринишларга қарамай, каналдан тўлиқ чиқиб кета олмаяпти. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Мутахассислар акулани ташқи кўриниши ва ҳажмига қараб мутаэ акуласи бўлиши мумкин деб тахмин қилмоқда. У каналга озуқа излаб кирган бўлиши эҳтимоли айтилган.

Дастлаб мутасаддилар қайиқлар ёрдамида сув оқимини йўналтириб, акулани очиқ денгиз томон ҳайдашга уринган. Бироқ у қайиқлардан қочиб, канал ичида қолаверган. Кейин 50 метр узунликдаги ва 6,8 метр баландликдаги махсус тўр ёрдамида уни денгизга йўналтиришга ҳаракат қилинган.

Бироқ иккинчи уриниш ҳам тўлиқ муваффақиятли бўлмаган. Тўр канал тубига илиниб қолгани ва акула ҳаракатланишни истамагани сабабли операция тўхтатилган. 3 октябрь куни эса акула яна канал ичига қайтиб киргани маълум бўлди.

Ғайриоддий воқеа Пусан аҳолиси ва сайёҳларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди. 3 октябрга келиб акулани кўриш учун порт ҳудудига 700 мингдан ортиқ одам боргани хабар қилинди.

Ҳозир мутасаддилар акулани хавфсиз равишда очиқ денгизга қайтариш йўлларини изламоқда. Мутахассислар эса унинг каналдан сув сатҳи ва оқим ўзгариши таъсирида табиий равишда чиқиб кетишига умид қилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар