АҚШда 16 ёшли ўсмир мактабга ҳужум қилиб, тўрт кишини ўлдирди

АҚШнинг Орегон штатидаги Бенд шаҳрида мактабда содир бўлган қуролли ҳужум оқибатида уч нафар бола ва бир нафар ўқитувчи ҳалок бўлди. Ҳодисани содир этган 16 ёшли ўсмир ҳам воқеа жойида вафот этди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа 15 октябрь куни Silver Rail бошланғич мактабида юз берган. Ҳужумчи қулфланган эшикларга ўқ узиб, бино ичига кирган. Ҳалок бўлган болалар 5, 8 ва 11 ёшда бўлган. Шунингдек, 7 ёшли ўқувчи ва 54 ёшли ўқитувчи оғир аҳволда шифохонага олиб кетилган.
Шаҳар полицияси раҳбари Майк Кранцнинг маълум қилишича, отишма ҳақидаги биринчи хабардан бир неча дақиқа ўтиб, ўсмир мактаб ичида вафот этган ҳолда топилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари чақирувлардан сўнг тезкорлик билан ҳодиса жойига етиб борган.
Терговчилар ҳозирча ўсмирнинг мактабда ўқигани ёки жабрланганларни таниш-танимаганини аниқламаган. Дастлабки маълумотларга кўра, у онаси сотиб олган насосли милтиқдан фойдаланган.
Ҳодисадан кейин мактаб ўқувчилари автобусларда яқин атрофдаги черковга олиб борилган. У ерда ота-оналар фарзандлари билан қайта кўришган.
Орегон губернатори Тина Котек фожиа муносабати билан ҳамдардлик билдириб, ҳужумчини тўхтатишга аралашган маҳаллий аҳоли вакилига миннатдорлик айтган. Айни пайтда полиция ҳодисанинг сабаблари ва бошқа тафсилотларини аниқлашда давом этмоқда.






























Изоҳлар 0
…