Олимлар 315 минг йил аввал яшаган Homo sapiens вакилининг юз қиёфасини тиклади

Олимлар Марокашдаги Жебел Ирхуд ҳудудидан топилган, тахминан 315 минг йил аввал яшаган Homo sapiens вакилининг юз қиёфасини рақамли усулда тиклади.
Тадқиқот натижалари 2026 йил сентябрь ойида Heritage журналида эълон қилинди. Мутахассислар тиклаш жараёнида Жебел Ирхуддан топилган бош суяги, жағ ва тиш қолдиқларидан фойдаланган.
Олимлар сақланиб қолган суяк қисмларини 3D моделга бирлаштириб, замонавий инсоннинг анатомик модели асосида юз тузилишини тиклаган. Бунда мушаклар, юмшоқ тўқималар ва тери қатламлари ҳам ҳисобга олинган.
Тадқиқот доирасида юз қиёфасининг икки хил кўриниши тайёрланган. Улардан бири анатомик хусусиятларни яхшироқ кўрсатиш учун соч ва соқолсиз, кулранг тасвирда яратилган. Иккинчи вариантда эса тери ранги, соч ва соқол каби бадиий элементлар қўшилган.
Мутахассислар ушбу тасвирни 315 минг йил аввал яшаган инсоннинг аниқ қиёфаси деб қабул қилмаслик кераклигини таъкидламоқда. Чунки соч, соқол, тери ранги ва айрим ташқи белгиларни аниқлаш учун қазилма қолдиқларида етарли далиллар мавжуд эмас.

Жебел Ирхуддан топилган қолдиқлар Homo sapiens турининг энг қадимги маълум вакилларига тегишли ҳисобланади. Уларнинг ёши 2017 йилда ўтказилган тадқиқотлар натижасида тахминан 315 минг йил деб баҳоланган.
Янги реконструкция олимларга илк Homo sapiens вакилларининг ташқи кўриниши қандай бўлганини яхшироқ тасаввур қилиш имконини беради.






























Изоҳлар 0
…