Нега юзлаб ўзбекистонликларнинг Грузияга кириши рад этилди?

Жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Грузияга кириши рад этилган 711 нафар хорижликнинг 473 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Бу умумий кўрсаткичнинг қарийб 67 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, киришга рухсат берилмаслигининг асосий сабаблари орасида сафар мақсадини аниқ тушунтира олмаслик, меҳмонхона бронлари ва қайтиш авиачиптаси каби ҳужжатларнинг йўқлиги, тиббий суғурта полисини тақдим этмаслик ҳамда мамлакатда яшаш учун етарли маблағ борлигини тасдиқлай олмаслик бор.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 январдан Грузияга туристик мақсадда борувчи хорижликлар учун мажбурий тиббий суғурта талаби жорий этилган. Суғурта полиси грузин ёки инглиз тилида, қоғоз ёки электрон шаклда бўлиши мумкин. Унинг қоплама суммаси камида 30 минг Грузия лариси (тахминан 11,2 минг доллар) бўлиши ва сафарнинг бутун муддатини қамраб олиши лозим.
Шу сабабли Грузияга боришни режалаштираётган фуқароларга сафар мақсадини олдиндан белгилаш, меҳмонхона бронлари, қайтиш чиптаси, тиббий суғурта ва етарли маблағни тасдиқловчи ҳужжатларни тайёрлаш тавсия этилмоқда.































Изоҳлар 0
…