Аёл фарзанди кўк кўзли туғилиши учун ҳомиладорликда кўз рангини ўзгартирди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Россиялик ёш косметолог ҳомиладорлик даврида кўз рангини ўзгартириш амалиётини ўтказиш орқали фарзандининг кўк кўзли бўлиб туғилишига эришмоқчи бўлганини маълум қилди.
- Аёл ўз организмидаги бу ўзгаришлар боланинг ДНКсига таъсир қилади деб ҳисоблаган бўлса-да, бу даъво ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама ва танқидларга сабаб бўлди.
Россия ижтимоий тармоқларида ёш аёлнинг ғайриоддий даъвоси кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Унинг айтишича, ҳомиладорлик даврида кўз рангини ўзгартириш амалиётидан ўтган ва бу орқали фарзандининг ҳам кўк кўзли бўлиб туғилишига эришмоқчи бўлган. Аёлнинг фикрича, она организмидаги бундай ўзгаришлар туғилмаган боланинг ДНКсига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.
Маълумки, бугунги кунда инсон кўз рангини ўзгартириш имконини берувчи бир нечта косметик ва жарроҳлик усуллари мавжуд. Улар орасида сунъий рангдор парда имплантларини ўрнатиш, лазер муолажалари ва кератопигментация каби усуллар бор.
Масалан, лазер ёрдамида кўз рангдор пардаси юзасидаги меланин пигменти камайтирилиб, жигарранг кўзларни кўк рангга айлантириш мумкинлиги айтилган. Бундай жараён тахминан 20 сония давом этиши мумкин. Яна бир замонавий усул — кератопигментация ёки «шох пардага татуировка қилиш» амалиётидир. У махсус ускуналар ва биологик жиҳатдан мос пигментлар ёрдамида кўз шох пардасига ранг беришга асосланган.
Бироқ асосий савол шундаки, кўз рангини ўзгартириш орқали бу хусусиятни ҳали туғилмаган фарзандга ҳам ўтказиш мумкинми?
Яқинда кўз рангини ўзгартирган россиялик ёш косметологнинг фикрича, бунинг имкони бор. У машҳур подкастлардан бирида шифокор билан суҳбатлашар экан, фарзанди кўк кўзли туғилиши учун ҳомиладорлик даврида мазкур муолажани амалга оширганини айтган. Аёл ўз ДНКси ҳам янги кўз рангига мослашиш учун автоматик равишда ўзгаришига ишонган.
Подкаст бошловчиси унинг фикрларини хотиржамлик билан тинглаган бўлса-да, бу гаплар ижтимоий тармоқларда катта қизиқиш ва ҳазиломуз муносабатларга сабаб бўлди. Кўплаб фойдаланувчилар аёлнинг даъвосини танқид қилиб, изоҳларда турли кинояли фикрлар қолдиришди.
Шу тариқа, ёш аёлнинг кўз рангини ўзгартириш орқали фарзандининг ташқи кўринишига таъсир ўтказиш мумкинлиги ҳақидаги даъвоси интернетда ҳазил ва баҳсларга сабаб бўлди. Аслида эса инсоннинг кўз ранги ирсий хусусиятлар билан белгиланади. Ота-онадаги косметик ўзгаришлар эса фарзанднинг ДНКсини ўзгартирмайди.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…