Японияда актёр сурати туширилган салат барглари харидорлар орасида урф бўлди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Японияда озиқ-овқат исрофгарчилигини камайтириш мақсадида актёр Тацуя Фудзивара сурати туширилган қадоқлардаги салат барглари сотувга чиқарилди.
- Ёз фаслида маҳсулотнинг тез сўлиб, чиқиндига ташланиши муаммосини ҳал қилиш учун Ажиномото компанияси ва сабзавот етиштирувчилар кооперативи ушбу креатив лойиҳани йўлга қўйди.
- Актёрнинг қиёфаси акс этган 10 минг дона салат барги харидорлар орасида катта қизиқиш уйғотиб, қисқа вақт ичида сотилиб кетди.
Япония супермаркетларида машҳур актёр Татсуя Фудзивара сурати туширилган шаффоф қадоқларга ўралган салат барглари харидорлар эътиборини тортмоқда. Ушбу ғайриоддий маҳсулот нафақат дўкон пештахталарида тез сотилиб кетмоқда, балки ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Одатда, супермаркетга озиқ-овқат харид қилиш учун борган инсон сабзавотлар орасидан машҳур актёрнинг жиддий қиёфасига дуч келишини кутмайди. Бироқ Токио супермаркетларидаги харидорлар учун бугунги кунда бундай манзара одатий ҳолга айланмоқда. Гап Япониянинг таниқли актёри Татсуя Фудзивара сурати туширилган қадоқларда сотилаётган салат карамлари ҳақида кетмоқда.
Сўнгги кунларда актёрнинг юзи акс эттирилган шаффоф плёнкага ўралган салат бошлари Токио супермаркетларида тез суръатларда сотилмоқда. Маҳсулотнинг ғайриоддий кўриниши ижтимоий тармоқларда ҳам катта қизиқиш уйғотиб, унинг суратлари фойдаланувчилар орасида кенг тарқалди. Бу Японияга хос кутилмаган маркетинг ғояларидан бири бўлса-да, унинг замирида оддий реклама эмас, балки муҳим экологик муаммони ҳал қилиш мақсади ётибди.
Маълум бўлишича, салат барглари япон ошхонасида кенг истеъмол қилинадиган асосий маҳсулотлардан бири ҳисобланади. Бироқ статистик маълумотларга кўра, японларнинг 60 фоиздан ортиғи ёз фаслида ушбу сабзавотни чиқиндига ташлайди. Бунинг асосий сабаби эса ёзда салат ҳосилининг кўп бўлиши ва юқори ҳарорат туфайли унинг тезроқ сўлиб қолишидир. Натижада бозорда маҳсулот етарлича бўлишига қарамай, унинг катта қисми истеъмол қилинмасдан ташлаб юборилади.
Айнан шу муаммога ечим топиш ва озиқ-овқат исрофгарчилигини камайтириш мақсадида Япониянинг йирик озиқ-овқат компанияларидан бири — Ajinomoto сабзавот етиштирувчилар кооперативи билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Лойиҳа доирасида улар машҳур актёр Татсуя Фудзиварага мурожаат қилиб, ўз суратини ушбу маҳсулот қадоғида жойлаштиришга розилик беришини сўрашди.

Актёр ҳам таклифга ҳазиломуз тарзда муносабат билдириб, бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги X саҳифасида ёзди:
«Менга: “Салат барглари инқирозга юз тутмоқда, шунинг учун юзингизни бизга вақтинча бера оласизми?” деб мурожаат қилишди. Мен эса: “Албатта”, дедим. Натижада юзимни ҳақиқатан ҳам ишга соладиган лойиҳада иштирок этадиган бўлдим. Аммо нима учун айнан мен? Сабзавотлар бўлимида сизларни кутиб қоламан», — дея ҳазил қилди Фудзивара.
Дастлаб бу ташаббус қандай натижа бериши кўпчиликка номаълум эди. Бироқ актёрнинг юзи туширилган қадоқлардаги салат барглари акс этган суратлар интернетда тарқалиши билан лойиҳанинг мақсади ҳам, маркетинг самараси ҳам ойдинлашди. Кутилмаган реклама харидорларнинг қизиқишини бир зумда оширди. Илгари сотилмай қолиб, чиқиндига ташланиши мумкин бўлган салат барглари энди супермаркет пештахталаридан тезда харид қилина бошлади.
Жорий ойда Татсуя Фудзивара сурати туширилган қадоқлардаги салат баргларининг чекланган миқдори — жами 10 минг донаси савдога чиқарилди. Қисқа вақт ичида уларнинг харидорлар орасида оммалашиши ушбу ғоянинг муваффақиятли чиққанини кўрсатди.
Қизиғи шундаки, машҳур актёрнинг сурати туширилган оддий салат барглари нафақат одамларнинг эътиборини тортди, балки озиқ-овқат исрофгарчилиги каби жиддий муаммога ҳам жамоатчилик диққатини жалб қилди. Агар бундай креатив ёндашув сабзавотларнинг чиқиндига ташланишини камайтиришга ёрдам берса, яқин келажакда Япония супермаркетларида Татсуя Фудзиваранинг сурати туширилган маҳсулотларни янада кўпроқ учратиш мумкин.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…