Хитойлик рассом қуриган шохлардан 7 метрлик Маймунлар подшоҳи ҳайкалини ясаб барчани ҳайрон қолдирди

Хитойлик рассом оддий қуриган дарахт шохларидан баландлиги 7 метрга етадиган улкан ҳайкал ясаб, интернет фойдаланувчиларининг эътиборини тортди. У афсонавий қаҳрамон — Маймунлар подшоҳи Сун Укунни ўзига хос услубда тасвирлаган.
Xinhua агентлигининг хабар беришича, Шандун провинциясида яшовчи Фан Литсзе ушбу ноодатий санъат асарини яратиш учун икки ойдан ортиқ вақт сарфлаган. Рассом минглаб қуриган шохларни бирма-бир танлаб, уларни ўзаро бирлаштириш орқали улкан ҳайкални қўлда ясаган.
Ишнинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, у ҳеч қандай тайёр чизма ёки андозадан фойдаланмаган. Ҳайкалнинг ҳар бир қисми рассомнинг тасаввури ва маҳорати асосида шаклланган.
Одатда жанговар ва шиддатли қаҳрамон сифатида тасвирланадиган Сун Укун бу сафар бутунлай бошқача қиёфада намоён бўлган. Ҳайкалда у хотиржам, вазмин ва чуқур мулоҳазага чўмган ҳолда акс эттирилган.
Муаллифнинг таъкидлашича, ушбу образ инсоннинг ҳаётдаги турли синовлардан ўтиб, охир-оқибат ички хотиржамликка эришишини англатади.
Ноодатий ҳайкал ижтимоий тармоқларда тезда оммалашди. Уни ўз кўзи билан кўришни истаганлар орасида бошқа шаҳарлардан келаётган меҳмонлар ҳам бор.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…