Хитой мактабларида ўқитувчилар ўрнига уй вазифаларини сунъий интеллект текширмоқда

Хитойнинг айрим мактабларида ўқитувчиларнинг ишини енгиллаштириш мақсадида уй вазифаларини текширувчи сунъий интеллект қурилмалари жорий этилмоқда. Ташқи кўринишидан оддий принтерга ўхшайдиган махсус ускуналар Шенчжен, Шанхай ва бошқа шаҳарлардаги айрим таълим муассасаларида ишлатилмоқда.
Қурилма ўқувчиларнинг дафтарларидаги қўлёзма матнларни таний олади. Шундан сўнг бажарилган топшириқларни таҳлил қилиб, хатоларни белгилайди ва ишга баҳо қўяди. Шу тариқа илгари ўқитувчилар қўлда бажарадиган текширув жараёнининг катта қисми автоматлаштирилмоқда.
Авваллари педагоглар ҳар бир дафтарни алоҳида кўздан кечириб, хатоларни қизил ручка билан белгилашга анча вақт сарфлашарди. Эндиликда бу вазифани махсус қурилма бажариб, ўқитувчиларга бошқа ишлар учун қўшимча вақт ажратиш имконини бермоқда.
Маълумотларга кўра, бундай ускуналар ҳар куни ўқитувчиларнинг бир ярим соатдан ортиқ вақтини тежаши мумкин. Педагоглар эса бўшаган вақтини дарсларга тайёргарлик кўриш, ўқувчилар билан индивидуал ишлаш ва уларнинг билимини оширишга йўналтириши мумкин.
Бироқ технология олдида муайян қийинчиликлар ҳам мавжуд. Ҳар бир инсоннинг ёзуви ўзига хос бўлгани сабабли қўлёзмаларни тўғри таниш сунъий интеллект учун ҳам осон эмас. Шу боис тизимларнинг аниқлиги ва самарадорлиги амалиётда синовдан ўтказилмоқда.
Ҳозирча бундай қурилмалар Хитойнинг айрим шаҳарларидаги мактабларда қўлланмоқда. Уларнинг мамлакат бўйлаб кенг жорий этилиши эса келгусидаги натижаларга боғлиқ.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…